Янгиликлар
“АЁЛЛАР ДАФТАРИ”ГА КИРИТИЛГАН ХОТИН-ҚИЗЛАРГА ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТЛАР БЕРИЛДИ
Мамлакатимизда хотин-қизларнинг мавқеи ва нуфузини ошириш, кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож, иш топишда тенг рақобат қила олмайдиган аёлларга моддий, маънавий, психологик, ёрдам бериш, уларни ҳар томонлама ҳимоя қилиш ва қўллаб қувватлаш мақсадида Президентимиз ташаббуси билан мутлақо янги тизим “Аёллар дафтари”ни юритишнинг ҳуқуқий асоси ишлаб чиқилди.
Табиий савол туғилади: “Аёллар дафтари нима?” Унинг “Темир дафтар” ёки “Ёшлар дафтари”дан қандай фарқи бор?
Юртимизда аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш мақсадида моддий ёрдамга муҳтож оилалар рўйхати, яъни “Темир дафтар” тузилган эди. Ушбу тизим самарали натижа кўрсатганлиги сабабли эндиликда, ҳар бир маҳалла, туман, шаҳар ва вилоят кесимида “Аёллар дафтари” ва “Ёшлар дафтари”ни шакллантирилиш тизими йўлга қўйилди. Ҳудудларда 30 ёшгача бўлган ижтимоий, ҳуқуқий ва психологик кўмакка муҳтож бўлган йигит-қизлар “Ёшлар дафтари”га, 30 ёшдан ошган хотин-қизлар эса “Аёллар дафтари” га киритилди.
Аёллар дафтари — ижтимоий, иқтисодий, ҳуқуқий, психологик қўллаб-қувватлашга, билим ва касб ўрганишга эҳтиёжи ва иштиёқи бўлган, ишсиз хотин-қизларнинг муаммоларини аниқлаш, бартараф этиш ва назоратини олиб бориш бўйича маълумотлар базаси бўлиб, бундан буён ҳар бир сектор кесимида «Аёллар дафтари»га киритилган хотин-қизлар билан алоҳида, янгича тартибда манзилли ишлаш амалиёти жорий қилинди. “Аёллар дафтари” юритилиши орқали жамиятда ўз ўрнини топишда қийналаётган, руҳан тушкунликка тушиб қолган, оилавий низоларни юзага чиқаришдан истиҳола қилиб дардини кимга айтишни билмай юрган хотин-қизларнинг муаммолари ўрганилиб, уларни ҳал этиш чоралари кўрилади. Аслида мақсад ҳам аёлларни қийнаётган ташвиш ва муаммоларни бартараф этиш, хотин - қизларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш, ҳуқуқий саводхонлигини ошириш, уларни тадбиркорликка ва касбга йўналтириш, бандлигини таъминлаш, моддий ёрдам кўрсатиш орқали хотин - қизларни тўлақонли бахтли ҳаёт кечириши учун барча имкониятларни яратиб беришдир.
Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 8 январдаги “Хотин-қизларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Қарорида мазкур масалалар ҳуқуқий ечимини топган бўлиб, ушбу қонун ҳужжатига кўра қуйидаги тоифадаги хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га киритилади:
ижтимоий ҳимояга муҳтож ишсиз хотин-қизлар (бандлиги таъминланмаган, ишлаш истагида бўлган, даромад манбаига эга бўлмаган, шу жумладан, меҳнат қилиш қобилиятини қисман йўқотган, бироқ ишлаш иштиёқи бўлган хотин-қизлар);
боқувчисини йўқотган эҳтиёжманд хотин-қизлар (боқувчиси бўлмаган, қўшимча моддий ёрдамга муҳтожлар);
ижтимоий ёрдамга муҳтож I ва II гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар (меҳнатга қобилиятсиз, ўзгалар парваришига муҳтожлар);
уй-жойини таъмирлашга муҳтож I гуруҳ ногиронлиги бўлган хотин-қизлар (меҳнат қилиш қобилиятини бутунлай йўқотган, ёлғиз яшайдиган, уй-жойини таъмирлаш имконияти бўлмаганлар);
нотурар жойларда истиқомат қилаётган, ўзининг ёки биргаликда яшовчи оила аъзоларининг номида турар жой мавжуд бўлмаган хотин-қизлар (маъмурий бинолар, ертўлалар ва истиқомат қилиш мақсадларига мўлжалланмаган бошқа биноларда ёлғиз ёки оила аъзолари билан биргаликда яшаётган, шунингдек, доимий яшаш учун турар жойи бўлмаган ҳолда уй-жой шароитини яхшилашга муҳтожлар);
қарамоғида бир ва ундан ортиқ I ёки II гуруҳ ногиронлиги бўлган болалари мавжуд ёлғиз аёллар;
тиббий ҳимояга муҳтож эҳтиёжманд хотин-қизлар (ўзи ва биргаликда яшовчи оила аъзолари оғир ижтимоий вазиятда бўлган, сурункали ёки оғир ногиронликка олиб келувчи касалликка чалинган, ногиронлик гуруҳи белгиланмаган, етарли даромад манбаига эга бўлмаганлар);
ҳуқуқий ёрдам олишга муҳтож хотин-қизлар (ҳуқуқий маслаҳат олиш истагида бўлган, ҳуқуқлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги тўғрисида мурожаат қилганлар);
психологик маслаҳатга муҳтож хотин-қизлар (тазйиқ ва зўравонликдан жабрланган, ижтимоий муаммолари мавжуд хотин-қизлар).
Шунингдек, Қарорда “Аёллар дафтари”га киритилган хотин-қизлар ушбу дафтардан чиқиш учун ўз ташаббуси ариза билан мурожаат қилганларида, “Аёллар дафтари”га ноқонуний кириш ҳолатлари аниқланганда, бошқа давлатга доимий яшаш учун чиқиб кетганларида, суднинг озодликдан маҳрум этишни назарда тутувчи ҳукми қонуний кучга кирганда, “Аёллар дафтари”дан чиқарилиши белгиланган.
Бугунги кунда Адлия, Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармалари ҳамкорлигида “Темир дафтар”га киритилган ишсиз ёшлар ва аёлларга ҳуқуқий маслаҳатлар бериш тизими самарали йўлга қўйилдики, ушбу механизм фуқароларнинг муаммоларига ечим топишда муҳим омил бўлмоқда.
Маҳалабай, уйма-уй юрган ҳолда ўтказилган мулоқотлар давомида бир марталик моддий ёрдам олиш, фуқаролик паспортини расмийлаштириш, коммунал соҳа, ишга жойлашиш, тадбиркорлик фаолиятини олиб бориш учун кредит олиш, кўчмас мулкка эгалик қилиш, алиментни ундириш каби бир қатор масалалар бўйича ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Хулоса қилиб айтиш мумкинки, “Аёллар дафтари”ни юритиш бугуннинг зарурияти, бир неча йиллардан буён йиғилиб қолган муаммолар ечимини топиб берувчи йўлдир. Қолаверса, юртимизда истиқомат қилаётган ҳар бир аёл-қиз эътибордан четда эмаслигини исботловчи, уларнинг, қатъият билан тетик қадам ташлаши учун имконият ҳамдир.Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими