Янгиликлар
БИР МУРОЖААТ ИЗИДАН
Ҳурижаҳон яқинда 7 ёшга тўлади. Ўртоқлари қатори боғчага боргиси келади, мактабга тайёрлов гуруҳида тарбияланиб, янги ўқув йилидан мактабда таълим олишни ҳозирданоқ орзу қилади. Аммо уни боғчага қабул қилишмади. Хўш, бунга сабаб нима эди?
- Фарзандим 2014 йил 18 октябрда туғилган. Оилавий шароитимиз сабабли қизимга туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани ололмаганмиз, - дейди Ҳурижаҳоннинг онаси Ўғилой Исломова.
Одатда туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома молиявий қийинчилик, эътиборсизлик, ота-онанинг ҳужжатлари (паспорти йўқлиги, никоҳ қайд этилмаганлиги)нинг мавжуд эмаслиги ва бошқа сабабларга кўра, олинмайди. Бу эса келгусида бола учун нафақа белгиланишида, боғчага, мактабга боришида, тиббий ёрдам, шунингдек, фуқаролик паспортини олишида ҳам муаммо ва оворагарчиликларга сабаб бўлади.
Шундай бўлди ҳам, Ҳурижаҳон учун ўз вақтида туғилганлик ҳақидаги гувоҳнома олинмаганлиги ота-онанинг анча сарсончилигига сабаб бўлди. Ҳасан Исломов фарзанди учун туғилганлик ҳақидаги гувоҳномани расмийлаштириш ҳаракатига тушди. У дастлаб туман ФҲДЁ бўлимига мурожаат қилди.
Қонунчиликка кўра, бола туғруқхонада туғилган бўлса, ота-она яшаётган ёки бола туғилган жойдаги ФҲДЁ органига тегишли ҳужжатлар қаторида боланинг туғилганлиги тўғрисида маълумотнома тақдим этилиши лозим.
Ҳасан Исломов ушбу масалада бир неча маротаба туман тиббиёт бирлашмасининг эшигини тақиллатди, бироқ маълумотнома ололмади. Фуқаро нажот истаб, Сардоба туман адлия бўлимига мурожаат қилиб, туман тиббиёт бирлашмасидан фарзанди - 2014 йил 18 октябрда туғилган Ҳурижаҳон Холбекованинг туғилганлиги тўғрисидаги маълумотномани олишда амалий ёрдам сўради.
-Бир мурожаат изидан бориб, хунук бир манзарага гувоҳ бўлдим. Туман тиббиёт бирлашмаси Aрхив хонаси ниҳоятда бетартиб бўлганлиги туфайли ҳам ҳужжат топилиши пайсалга солинган экан, - дейди Сардоба туман адлия бўлими бошлиғи Илҳом Юнусов. - Сардобада сув тошқини бўлгани ҳаммага аён. Бу ҳудуд тошқиндан талофат кўрмаган бўлса-да, биргина Архив идораси хонаси ана шу офат исканжасида қолгандек гўё.
Архив идораси хонасининг аянчли аҳволи суратларга муҳрланди. Чунки у ерга яна қанча аҳоли бориб, мурожаат қилиши ва тегишли тиббий маълумотномани ололмай сарсон бўлиши мумкин. Мавжуд ҳолатга эса туман тиббиёт бирлашмасидан изоҳ берадиган масъул топилмади.
-Туман адлия бўлими томонидан фуқаронинг ушбу мурожаати эътиборсиз қолдирилмади. Архив идораси хонаси қанчалик тартибсиз бўлмасин, тиббий маълумотномани топиш ҳаракати тўхтатилмади. Саъй-ҳаракатлар эса бесамар бўлмади, 2021 йил 27 февраль куни туман тиббиёт бирлашмасининг тегишли хати билан Сардоба тумани “Юртдош“ МФЙ Бирлик кўчаси ½-уйда яшовчи фуқаро Ўғилой Исломова 2014 йил 18 октябрда “Туғруқларни қайд этиш китоби”да қиз фарзанд кўрганлиги тўғрисидаги маълумотнома тақдим этилди. Адлия бўлимининг аралашуви билан Ҳурижаҳон Ҳусан қизи Холбекова туғилганлик ҳақидаги гувоҳномага эга бўлди.
Барчага аёнки, туғилганлик ҳақидаги гувоҳноманинг мавжуд эмаслиги бола расман йўқ, туғилганлиги ҳеч қаерда қайд этилмаган деганидир. Ушбу ҳужжат боланинг фуқаро сифатида ҳуқуқий мақомини белгилайди. Ҳурижаҳон ҳам энди келгусида мамлакатимизда фуқаролар қандай ҳуқуқларга эга бўлса, у ҳам худди шу ҳуқуқларга эгалик қилади.
Дилноз Умурзоқова,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва бўлими бошлиғи