Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

10

Cўраган эдингиз...


Савол: Оилавий келишмовчиликлар сабаб турмуш ўртоғим билан бирга яшамаяпмиз. У билан қонунан ажрашмаган бўлсакда, фарзандларим билан кўришишимга қаршилик кўрсатмоқда.  Оиласидан қонунан ажрашмаган аёл фарзандларини отасига кўрсатмасликка қонунан ҳақлими, шу ҳақида  ҳуқуқий тушунча берсангиз?

                           С.Қадриева, Сайхунобод тумани “Олғабос” МФЙ  

 Жавоб:  Ўзбекистон Республикаси Оила Кодексига асосан ота-она ўз болаларига нисбатан тенг ҳуқуқ ва мажбуриятларга эга ҳисобланишади.

Шунингдек, ҳар бир отанинг ўз болаларининг соғлиғи, жисмоний, руҳий, маънавий ва ахлоқий камолоти ҳақида ғамхўрлик қилиши, уларга таъминот беришлари шартлиги белгиланганлиги каби боладан алоҳида яшаётган ота бола билан кўришиш, унинг тарбиясида иштирок этиш ва таълим олиши масаласини ҳал этишда қатнашиш ҳуқуқига эга.

Хусусан, бола билан бирга яшаётган она боланинг отаси билан кўришишига, агар бундай кўришиш боланинг жисмоний ва руҳий соғлиғига, ахлоқий камолотига зарар келтирмаса, қаршилик қилмаслиги қонунда назарда тутилган.

Бундан ташқари, агар ота-она бола билан кўришишни ўзаро келишиб ҳал қила олмасалар, бу масала ота ёки онанинг талабига биноан суд томонидан васийлик ва ҳомийлик органи иштирокида ҳал қилинади. Шунингдек, бобо, буви, ака-ука, опа-сингил ва бошқа яқин қариндошлар бола билан кўришиб туриш ҳуқуқига эга бўлиб, ота-она ёки улардан бири уларга бола билан кўришишига имконият бермаса, васийлик ва ҳомийлик органи ота-онани (улардан бирини) бундай имконият беришга мажбур қилиши мумкин.

Шунингдек, агар ота-она ёки улардан бири васийлик ва ҳомийлик органининг қарорини бажармаса, боланинг яқин қариндошлари ёки васийлик ва ҳомийлик органи бола билан кўришиб туришга тўсқинлик қилувчи ҳолларни бартараф қилиш ҳақида даъво билан тегишли фуқаролик судларига мурожаат қилишга ҳақлидир.

Суд боланинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳисобга олган ҳолда низони адолатли ҳал қилиши мазкур кодексда белгилаб қўйилган.

Шу боис Сиз, мазкур низоли масала юзасидан ўзингиз яшаб турган туманлараро фуқаролик судига мурожаат қилиш ҳуқуқингиз бор.

Саволга Сайхунобод туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Фарҳод Сидиков жавоб берди.