Янгиликлар
Cўраган эдингиз...
Савол: Юридик шахсга (ҳокимятга) тегишли бўлган фаолияти юк ёки йўловчи ташиш бўлмаган енгил автомашинани бошқаришда ҳайдовчидан малака сертификати талаб этилиши асослими?
А.Бўтаев, Боёвут тумани "Фарҳод" МФЙ
Жавоб: Вазирлар Маҳкамасининг 23.02.2018 йилдаги 139-сонли “Автомототранспорт воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш тизимини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори 3-бандига кўра:
- юридик шахсларга тегишли автотранспорт воситаларини бошқараётган шахслар, автотранспорт воситаларини қисқа муддатли ижара (прокат) ва лизинг асосида бошқараётган якка тартибдаги тадбиркорлар ва бошқа жисмоний шахслардан ташқари — икки йилда бир марта;
- автотранспорт воситаларини бошқариш ҳуқуқидан маҳрум этилган шахслар — маъмурий жазо муддати ниҳоясига етгач ва ҳайдовчилик гувоҳномасини олиш учун назарий ҳамда амалий имтиҳонлар топширгунигача малака ошириши шартлиги белгиланган.
Шунингдек, Вазирлар Маҳкамасининг 2018-йил 31-майдаги 408-сон қарорига 1-иловада тасдиқланган “Автомототранспорт воситалари ва шаҳар электр транспорти воситалари ҳайдовчиларини тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш бўйича нодавлат таълим хизматлари кўрсатиш фаолиятини литсензиялаш тартиби тўғрисида”ги низом 22-бандига ҳам шу қоида белгиланган.
Юқоридаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларда автотранспорт воситасалари тоифаларга (яъни юк ёки йўловчи ташувчиларга) бўлинмаган. Унда асосий қоида транспорт воситасининг юридик шахсга тегишлилиги ва ҳайдовчи шу юридик шахснинг ходими эканлигидир.
Шунга кўра юридик шахсга тегишли бўлган транспорт воситасининг ҳайдовчиси белгиланган муддатда малака ошириши керак.
Саволга Боёвут туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Жавоҳир Сайимов жавоб берди.