Янгиликлар
Маъмурий тартиб-таомиллар ҳақида нима биласиз?
Ўзбекистон Республикасининг “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуни маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солишда муҳим ҳуқуқий асосдир.
Ушбу ҳужжат давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мониторинг қилиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш йўлида хорижий илғор давлатларнинг тажрибаси ҳамда “халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини замонавий тарзда ташкил қилиш, давлат бошқаруви соҳасида расмиятчилик ва суиистеъмолликка чек қўйиш, тезкор ва асосли қарорлар қабул қилиш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этишни кўзда тутади.
Оқолтин, Мирзаобод, Ховос туманлари, Гулистон, Янгиер шаҳар адлия бўлимлари томонидан Давлат хизматлари агенлигининг ҳудудий марказларида ўтказилган тарғибот тадбирларида мазкур қонуннинг мазмун-моҳияти ва аҳамияти батафсил тушунтирилди.
Таъкидланганидек, “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонун маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнини стандартлаштириш ва енгиллаштирилиш орқали маъмурий тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, давлат органларининг фуқаролар ва ташкилотлар билан муносабатларида қонунийликни таъминлаш, замонавий технологиялар асосида давлат хизматларини кўрсатишни тизимлаштириш ва сифатини янада ошириш, коррупцияга қарши курашиш воситаси сифатида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фаолиятида шаффофликни таъминлаш, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади. Мазкур Қонун жисмоний ва юридик шахслар кундалик фаолиятида дуч келиши мумкин бўлган муҳим ҳужжатлардан биридир.
Мулоқотда Қонуннинг ана шу каби жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтилди ҳамда иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга адлия бўлими масъул ходимлари томонидан жавоблар берилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими