Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

МАЪМУРИЙ ТАРТИБ-ТАОМИЛЛАР НИМА?


Амалдаги Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида»ги Қонун 2018 йилнинг 8 январь куни қабул қилинган ва 2019 йилнинг 8 январидан кучга кирган. Мазкур ҳужжат 7-боб 88-моддадан ташкил топган бўлиб, маъмурий-ҳуқуқий фаолият соҳасида маъмурий бошқарув ваколати берилган органлар, шу жумладан давлат бошқаруви органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари, фуқароларнинг ўзини-ўзи бошқариш органлари, шунингдек ушбу фаолиятни амалга оширишга ваколатли бўлган бошқа ташкилотлар маъмурий-ҳуқуқий фаолиятини тартибга солиб келмоқда.

Ушбу муҳим ҳужжат давлат органларининг ҳуқуқни қўллаш амалиётини мониторинг қилиш давомида аниқланган муаммо ва камчиликларни бартараф этиш йўлида  хорижий илғор давлатларнинг тажрибаси ҳамда “халқ давлат органларига эмас, давлат органлари халққа хизмат қилиши керак” деган тамойил асосида ишлаб чиқилган бўлиб, ижро ҳокимияти органлари фаолиятини замонавий тарзда ташкил қилиш, давлат бошқаруви соҳасида расмиятчилик ва суиистеъмолликка чек қўйиш, тезкор ва асосли қарорлар қабул қилиш йўли билан жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатларини амалга оширишнинг замонавий механизмларини жорий этишни кўзда тутади.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 19 майдаги “Давлат ҳуқуқий сиёсатини амалга оширишда адлия органлари ва муассасалари фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида” Фармонидан келиб чиқиб маъмурий тартиб-таомиллар соҳасини янада такомиллаштириш,  маъмурий тартиб-таомилларни оптималлаштириш, бошқарув жараёнларини ва хизматларни автоматлаштириш мақсадида бугунги кун талабларга тўлиқ жавоб берадиган янги таҳрирдаги “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида”ги Қонунни қабул қилиш назарда тутилган.

Умуман олганда “Маъмурий тартиб-таомиллар тўғрисида”ги Қонуннинг қабул қилинишидан мақсад,

- маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш жараёнини стандартлаштириш ва енгиллаштирилиш орқали маъмурий тўсиқ ва чекловларни бартараф этиш, давлат органларининг фуқаролар ва ташкилотлар билан  муносабатларида қонунийликни таъминлаш;

-замонавий технологиялар асосида давлат хизматларини кўрсатишни тизимлаштириш ва сифатини янада ошириш;

- коррупцияга қарши курашиш воситаси сифатида давлат органлари ва уларнинг мансабдор шахсларининг фаолиятида шаффофликни таъминлашдан иборат.

Амалдаги “Маъмурий тартиб таомиллар тўғрисида”ги Қонун маъмурий органларнинг манфаатдор шахсларга нисбатан маъмурий-ҳуқуқий фаолиятига, шу жумладан лицензия, рухсат бериш, рўйхатдан ўтказиш тартиб-таомилларига, давлат хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ бошқа тартиб-таомилларга, шунингдек қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа маъмурий-ҳуқуқий фаолиятга нисбатан татбиқ этилади.

Бу ҳужжат  солиқлар ва бошқа мажбурий тўловларни ундириш, давлат хизматини ўташ, референдумлар, сайловлар ўтказиш, мудофаа, жамоат хавфсизлиги ва ҳуқуқ-тартибот соҳасида, шунингдек тезкор-қидирув фаолияти, суриштирув, дастлабки тергов, жиноий мажбурлов чораларини қўллаш билан боғлиқ бўлган бошқа фаолият, суд ишини юритиш, маъмурий ҳуқуқбузарликлар тўғрисидаги ишларни юритиш соҳасида юзага келадиган муносабатларга, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларига оид нормативларга нисбатан нисбатан татбиқ этилмайди.

Ушбу Қонунда манфаатдор шахс, маъмурий иш юритиш,маъмурий ихтиёрийлик, маъмурий ҳаракатлар, маъмурий ҳужжат, маъмурий-ҳуқуқий фаолият каби бир қатор тушунчаларга таъриф бериб ўтилган.

Хўш, бу қонуннинг аҳамияти нимада?

Одатда ҳар биримиз кунда-кунора давлат идораларига иш билан борамиз. Кимдир тадбиркорлик субъектини рўйхатдан ўтказишга, яна кимдир турар-жойларни нотурар жой тоифасига ўтказиш, бошқа биров, хорижда олинган дипломини тасдиқлатиш ташвиши билан юрибди. Янада тушунарлироқ айтадиган бўлсак, эндиликда ортиқча хужжатбозлик ва бюрократик тўсиқларсиз давлат хизматлари марказлари орқали мурожаатлар ҳал этилади.

“Маъмурий тартиб таомиллар” қонунидан кўзланган мақсад ҳам имкон даражасида фуқароларни ортиқча оворагарчиликдан халос қилиш, уларни қийнаётган муаммоларга барвақт чек қўйиб, ишларини осон битиришига ёрдам беришдан иборат.

Қонуннинг 14-моддасида маъмурий иш юритишнинг «бир дарча» орқали амалга оширилиши мустаҳкамлаб қўйилди. Яъни фуқаро бир ишни битириши учун кўплаб ташкилотга югуриб ҳам вақтини, ҳам ортиқча маблағини йўқотишига ҳожат қолмайди, маъмурий орган зарур ҳужжатлар ва маълумотларни мустақил равишда, фуқароларнинг иштирокисиз, бошқа идораларнинг ўзаро ҳамкорлиги асосида олаверади.

Агар қонун ҳужжатларида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, маъмурий орган мумкин қадар қисқа муддатларда, кўпи билан ўттиз иш кунидан кечиктирмай маъмурий ишни кўриб чиқиши ва маъмурий ҳужжатни қабул қилиши керак.

Маъмурий тартиб-қоидалар соҳасидаги муносабатларни ҳуқуқий ташкил этишнинг аҳамияти ҳақида сўз борар экан, бу бир томондан, давлат идоралари ўртасида вужудга келадиган ўзаро муносабатларни, иккинчи томондан эса, кўплаб бўйсунмайдиган субъектлар – фуқаролар ва ташкилотларни ҳуқуқий тартибга солишдан иборат эканлигини кўрсатади.

Маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш ва уларнинг ижросини, маъмурий-ҳуқуқий соҳада юзага келадиган муносабатларни тизимли ҳуқуқий тартибга солишнинг уйғунлигини таъминлайди, маъмурий тўсиқ ва ғовларни бартараф қилади, сифатли давлат хизматларини кўрсатиш учун шарт-шароитлар яратиш, давлат органлари томонидан маъмурий ҳужжатларни ўз вақтида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва ижро этишнинг аниқ механизмларини кўрсатиб беради.

Хулоса қилиб айтиш мумкинки, анчагина салмоқли ҳажмга эга бўлган ушбу ҳужжат халқаро қонунчилик талабларидан келиб чиққан ҳолда, суиистеъмоллик, коррупция ва давлат хизматидаги бошқа салбий кўринишларга барҳам бериш маъмурий тартиб-таомиллар соҳасида махсус тартиблар тизимини яратишга имконият беради.

Бинобарин, ушбу Қонуннинг қабул қилиниши давлат органларининг фуқаролар ва юридик шахслар билан ўзаро муносабатларида қонунийлик ва шаффофлик даражасини ошириш, стандартлаш ва маъмурий ҳужжатларни қабул қилиш тартиб-таомилларини соддалаштириш, орқали сифатли давлат хизматларини кўрсатиш учун замин яратади.


Ҳилола Сулаймонбекова,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот

ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси