Янгиликлар
СИРДАРЁ ВИЛОЯТИДА ИЖРО ИНТИЗОМИНИ ЯНАДА МУСТАҲКАМЛАШ ЮЗАСИДАН РЕСПУБЛИКА МИҚЁСИДАГИ ЎҚУВ-АМАЛИЙ СЕМИНАРИ ЎТКАЗИЛДИ
Сирдарё вилояти ҳокимияти ва бошқаруви органларида ижро интизомига масъул раҳбарларнинг ҳужжатлар билан ишлашини ташкил этиш, шахсий масъулиятини ошириш ҳамда ижро интизомини янада мустаҳкамлаш юзасидан ўқув-амалий семинар ўтказилди.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси масъуллари, Адлия, шунингдек, Республика ҳудудидаги бошқа вазирликлар, давлат органлари, тегишли ташкилотлар мутасаддилари, барча туманлар масъуллари иштирок этдилар.
Видеоконференцалоқа тарзида ўтган ўқув-амалий семинарда дастлаб Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг Ҳудудларни комплекс ривожлантириш, коммуникациялар, қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги масалалари котибияти мудири ўринбосари Жамол Ачилов маъруза қилди. Тақдимот материаллари асосидаги маъруза давомида Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳужжатлари ҳамда топшириқларининг Сирдарё вилоятида ижроси ҳолати ва барча даражадаги раҳбарлар масъулияти тўғрисида тушунчалар берилди.
Шундан сўнг, Ўзбекистон Республикаси Адлия вазири ўринбосари Алишер Каримов Президентимизнинг “Қонунчилик ҳужжатлари ижросини самарали ташкил этишда давлат бошқаруви органлари ва маҳаллий ижро этувчи ҳокимият органлари раҳбарларининг шахсий жавобгарлигини кучайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2021 йил 10 февралдаги ПФ–6166-сон Фармонининг мазмун-моҳияти ва жорий этилган янги тизимнинг алоҳида жиҳатлари ҳақида маъруза қилди.
Маърузалардан сўнг семинар иштирокчилари ўзларини қизиқтирган саволларга батафсил жавоблар олдилар.
Семинар давомида Ўзбекистон Республикаси Ҳисоб палатаси етакчи инспектори Юсуфжон Усмоновнинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳужжатлари ва топшириқлари ижросини таъминлашда Ҳисоб палатасига юклатилган вазифалар, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири ўринбосари Олег Пекоснинг Ўзбекистон Республикаси Президенти ва Ҳукумати ҳужжатлари ва топшириқларини расмийлаштириш, уларнинг ижросини ташкил этишда ахборот-коммуникация технологияларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш ҳамда "Ijro.gov.uz" ижро интизоми идоралараро ягона электрон тизими тўғрисидаги маърузалари тингланди. Ушбу маърузалар юзасидан ҳам музокаралар ўтказилиб, тингловчиларни қизиқтирган саволларга атрофлича жавоблар берилди.
Шунингдек, ўқув-амалий семинар давомида норма ижодкорлиги, ҳужжатлар лойиҳаларини экспертизадан ўтказиш ҳамда қонун ҳужжатларини тарғиб этишда юридик хизматларнинг устувор вазифалари, жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлашда таҳлиллар, муаммолар ва уларнинг ечимлари хусусида кенг маълумотлар берилди.
Бундан ташқари, вилоят ҳокимлигида норма ижодкорлиги, норматив-ҳуқуқий ҳужжат лойиҳаларини ҳуқуқий экспертизадан ўтказиш ҳамда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш бўйича ташкил этилган тизим тўғрисида ҳам маърузалар қилиниб, тингловчиларга президент Фармон ва Қарорлари, давлат ҳужжатлари ижросини амалга ошириш бўйича йўл-йўриқлар, батафсил тушунчалар берилди.Семинарда Сирдарё тумани ҳокимининг биринчи ўринбосари Дилшод Темиров Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 11 августдаги 4804-сонли Қарори ижросининг “вилоят – туман – маҳалла” тизими асосида ташкил этилиши бўйича маъруза қилди.
Семинар давомида Мирзаобод ва Оқолтин туманлари ҳокимлиги студиясидан ҳам маърузалар тингланди.
Музокара ва очиқ мулоқот тарзида ўтган ўқув-амалий семинар иштирокчилари кун тартибида муҳокама қилинган масалалар юзасидан кенг тушунчаларга, батафсил маълумотларга эга бўлдилар.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими