Янгиликлар
СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ ЮРИДИК ТЕХНИКУМИДА “ЭНГ ИҚТИДОРЛИ ЎҚУВЧИ” ТАНЛОВИ ЎТКАЗИЛДИ
«Энг иқтидорли ўқувчи». Адлия вазирлигининг юридик техникумлари ўқувчилари ўртасида ўтказиладиган мазкур танлов давлат ва жамиятга етук, ёш ва рақобатбардош кадрларни тайёрлаш, ёшларни она Ватанга садоқат, ҳалоллик, меҳнатсеварлик ва фидойилик руҳида тарбиялаш ва интеллектуал салоҳиятини намоён этишга имкониятлар яратиш, ўқувчиларда ташаббускорлик, ватанпарварлик, фидойилик фазилатлари ва жамоатчилик қобилиятини қарор топтириш, ўз касбини севиш, илм-фанга иштиёқ ва юрт келажагига дахлдорлик туйғуларини юксалтириш мақсадларига қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятли.
Куни кеча Сирдарё вилояти юридик техникумида танловнинг техникум босқичи бўлиб ўтди. Танлов низомига мувофиқ ҳар бир иштирокчи 3 та шарт асосида синовдан ўтказилди. Дастлабки шартда иштирокчилар мамлакатда ҳуқуқий соҳада амалга оширилаётган ислоҳотларни ўзи истиқомат қилувчи ҳудудда амалга оширилиши ҳолати ва мавжуд муаммолар ҳамда уларни батараф этиш, шунингдек, 5 та муҳим ташаббуснинг ўзи ўқиётган техникум миқёсидаги ижроси ҳамда уни такомиллаштириш юзасидан таклифларини қамраб олган ўз тақдимотини намойиш этишди.2-шартда ҳар бир иштирокчининг ҳуқуқ соҳасига оид билимлари блиц савол-жавоблар орқали текширилди.
3-шартда иштирокчининг чет тилини билиш даражаси тўғрисидаги В1 ва ундан юқори даражадаги миллий ёки халқаро сертификатга эга эканлигига эътибор қаратилди.
Танлов ҳакамлар ҳайъати томонидан адолатли ва шаффоф баҳолаб борилди. Якуний натижаларга кўра, 1-ўрин Абдунабиева Ноила, 2-ўрин Мирзакаримова Раъно, 3-ўрин Йўлдошев Шерзодбекка насиб этди.
Ғолиблар фахрий ёрлиқ, бир марталик пул мукофотлари ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими