Янгиликлар
Сирдарё вилояти адлия бошқармасида матбуот анжумани ўтказилди
2021 йил 8 февралда Ўзбекистон Республикасининг “Сайлов қонунчилиги такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонуни қабул қилинди. Сирдарё вилояти адлия бошқармасида ташкил қилинган матбуот анжумани мазкур қонун тарғиботига бағишланди.
Тадбирда вилоят оммавий ахборот воситалари ходимлари, журналистлар, давлат органлари ва ташкилотларининг ахборот хизматлари раҳбарлари ва блогерлар иштирок этдилар.
Қонун билан нафақат бир қатор қонунларга, балки Бош қомусимиз ҳисобланган Конституциямизга ҳам ўзгартиришлар киритилди. Эндиликда Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови, Олий Мажлиснинг Қонунчилик палатасига ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесига, вилоят, туман, шаҳарлар давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлов уларнинг конституциявий ваколат муддати тугайдиган йилда — декабрь ойи эмас, балки октябрь ойи учинчи ўн кунлигининг биринчи якшанбасида ўтказилади.
Тадбирда Адлия бошқармасининг Ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш бўлими бошлиғи Жаҳонгир Шомирзаев сўзга чиқиб, сайлов қонунчилигидаги шу каби ўзгаришлар хусусида батафсил маълумот берди.
- Кодекс янги - яъни чет давлатларда турган фуқароларни сайловчилар рўйхатларига киритишга бағишланган 27-1-модда билан тўлдирилиб, хорижда истиқомат қилаётган Ўзбекистон фуқароларини дипломатик ваколатхоналарнинг консуллик ҳисобида бўлиши ёки бўлмаслигидан қатъи назар сайловчилар рўйхатига киритиш тартиби, чет давлатларда сайловчилар яшаётган ёки ишлаётган жойида кўчма қутиларда овоз беришнинг ҳуқуқий асослари яратилди. Бундан ташқари, чет давлатларда турган фуқароларга сайловчилар рўйхатидаги ўзига тегишли маълумотлар билан танишиш имконияти Ўзбекистон Республикаси Ташқи ишлар вазирлиги, Ўзбекистон Республикасининг чет давлатлардаги дипломатик ва бошқа ваколатхоналари расмий веб-сайтлари орқали ҳам таъминланади. Шунингдек, сайлов бюллетенларини Брайль алифбоси асосида тўлдириш учун трафаретлар тайёрланиши мумкинлигининг белгиланиши албатта сайловчиларнинг, хусусан имконияти чекланган фуқароларнинг ўз конституцион ҳуқуқларидан фойдаланишлари учун имконият яратади, - дейди Ж.Шомирзаев ўз маърузасида.
Анжуманда вилоят сайлов комиссияси котиби Ф.Абдусатторов иштирок этди ҳамда сайлов кодексига киритилган ўзгартиришлар тўғрисида маълумот бериш баробарида, сайлов жараёнларини адолатли ва шаффоф ёритишда ОАВ вакилларининг роли хусусида ҳам атрофлича тўхталиб ўтди.
Матбуот анжумани сайлов қонунчилигига оид савол-жавоблар билан янада қизғин тус олди. Журналист ва блогерларни бу борада қизиқтирган барча саволларига адлия бошқармаси масъул ходимлари ҳамда вилоят сайлов комиссияси котиби томонидан батафсил жавоблар берилди.
Дилноз Умурзоқова,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи