Янгиликлар
Тадбиркорнинг “оёғига тушов” бўлаётганлар ёхуд ҳокимликларнинг “тиши” жуда ўткирми?
Сирдарё вилоятида тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, пандемия даврида фаолияти тўхтаб қолган корхоналарни қайта тиклаш борасида кенг қамровли ишлар амалга оширилмоқда.
Аммо ушбу мақоламизда бу ҳақида сўз бормайди. Аксинча, туман ва шаҳар ҳокимликлари томонидан тадбиркор билан тузилган шартнома шартларига амал қилмаслик ҳолатлари баён этилади.
Оқолтин тумани “Улуғбек Давлат – яхши ният” масъулияти чекланган жамияти раҳбари У.Қобилов туман ҳокимлиги томонидан шартнома шартлари бузилганлигидан норози бўлиб адлия бўлимига мурожаат қилади.
– Тадбиркорнинг бунга етарлича асоси бўлган, яъни ҳокимлик томонидан тузилган шартномага асосан тадбиркорнинг бажарилган иши учун 35 миллион сўм пул маблағи тўлаб берилмаган, – дейди вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи Дилноз Умурзоқова.
– Вилоят адлия бошқармаси ва унинг туман, шаҳар бўлимларининг ҳар бир ходими – тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг қонуний ҳақ-ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилишни ўзларининг бурчи деб билади, деб ишонч билан айта оламан.
Тадбиркор – “Улуғбек Давлат – яхши ният” МЧЖ раҳбари У.Қобилов туман ҳокимлиги билан тузилган шартнома шартлари бузилгани ва у бажарилмаётгани тўғрисида Оқолтин тумани адлия бўлимига қилган мурожаати ўзининг ижобий ечимини топди.
Дарҳақиқат, мазкур мурожаат юзасидан адлия бўлими томонидан ўтказилган ўрганишларда туман ҳокимлиги ушбу маблағларни тўламаётганлиги ўз тасдиғини топган. Тадбиркор манфаати йўлида Оқолтин туман иқтисодий судига даъво аризаси киритилиб, суднинг ҳал қилув қарорига кўра, “Улуғбек Давлат – яхши ният” МЧЖ фойдасига 35 миллион сўм ундириш белгиланди.
Ўқувчиларимизда, “Ҳаммаси ижобий ҳал бўлибдику, шуни оммага маълум қилиш шартмиди?” деган фикр пайдо бўлиши мумкин. Агар ушбу тадбиркор билан шартнома шартларини ҳокимлик томонидан бузилиш ҳолати ягона бўлганида ва яна масала ўз ечимини топганлиги сабаб, мақолани ёзишимиз шарт бўлмасди.
Лекин, айнан юқоридаги каби ҳолат вилоятнинг Ширин шаҳар ҳокимлиги билан тадбиркор ўртасида тузилган шартнома шартлари ҳам бузилган ва у масала ҳам адлия аралашуви билангина ўзининг ижобий ечимини топган.
Гулистон тумани ҳокимлиги шунга ўхшаш ҳолат юзасидан тадбиркор билан бўлиб ўтган суд жараёнларида ютқазган. Ноҳақликларини билган (ва эҳтимол юзи чидамаганликлари сабаб) туман ҳокимлиги масъул вакилларидан бирор киши судда иштирок ҳам этмаган.
Ҳокимликлар томонидан шартнома шартлари нега бажарилмагани сўралганида, пандемия ёки табиий офат натижасида маблағ тақчиллиги юзага келганлиги сабабли, деган важларни кўрсатишди.
Лекин суд қароридан сўнг имконият топилиб тўлаб берилибдику? Охир-оқибат шартнома шартлари барибир бажарилар экан, ҳолатни судгача боришига йўл қўйиш шартмиди?, деган ўринли савол туғилади. Ҳақиқатдан ҳам шундай қилиш шартмиди?
Булар ошкор бўлган ва биз хабар топган ҳолатлар. Энг ёмони, биз бехабар бўлган, шартнома шартлари бузилиш ҳолатлари бошқа ҳудудларда ҳам исталганча топилиши мумкинлигидир.
Наҳотки ҳокимликлар, ҳамон шартнома шартларини бажармай, ҳудудидаги ҳар қандай органга тазйиқ ўтказиб, ишни хаспўшлаб юбориш мумкин, деб ўйлашса? Ахир биз, Янги Ўзбекистонда, демократик жамиятда яшашни бошладикку, наҳотки баъзи раҳбарларимиз бундан бехабар бўлса?!
А.ҚАЮМОВ, ЎзА