Янгиликлар
ТАШКИЛОТ ДИРЕКТОРИНИНГ БУЙРУҒИ БЕКОР БЎЛДИ
М.Сайдалиев Сардоба туманидаги 10-сонли ДМТТда жисмоний тарбия йўриқчиси лавозимида ишлаб келаётган эди. Уни “маълумотинг ўрта-махсус”, дея ишдан бўшатишди. Ҳеч қандай огоҳлантиришсиз меҳнат шартномаси бекор қилинган М.Сайдалиев вазиятга ҳуқуқий ечим топиш илинжида Сардоба туман адлия бўлимига мурожаат қилишга мажбур бўлди. Мазкур мурожаат юзасидан олиб борилган ўрганиш давомида, ташкилот директорининг ходимни вазифасидан озод қилиш тўғрисидаги тегишли буйруғида бир қатор хато ва камчиликлар борлиги аниқланди. Буйруқни расмийлаштириш билан боғлиқ хатоликларга тўхталиш ниятидан йироқмиз, бироқ ходимни вазифасидан озод қилиш учун амалга оширилиши лозим бўлган тартиб-қоидалар ҳақида тўхталиб ўтиш мақсадга мувофиқ.
Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг 102-моддаси 1-қисмида Иш берувчи меҳнат шартномасини бекор қилиш нияти ҳақида ходимни қуйидаги муддатларда ёзма равишда (имзо чектириб) огоҳлантириши шарт:
- меҳнат шартномаси технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ходимлар сони (штати) ёки иш хусусиятининг ўзгаришига олиб келган ишлар ҳажмининг қисқарганлиги ёхуд корхонанинг тугатилганлиги муносабати билан (100-модда иккинчи қисмининг 1-банди), шунингдек ходимнинг пенсия ёшига тўлганлиги муносабати билан, қонун ҳужжатларига мувофиқ ёшга доир давлат пенсиясини олиш ҳуқуқи мавжуд бўлган тақдирда (100-модда иккинчи қисмининг 7-банди) бекор қилинганда камида икки ой олдин огоҳлантирилиши шарт деб белгилаб қўйилган.
Афсуски, ташкилот директори кодексда назарда тутилган ушбу нормаларга амал қилмаган.
Сардоба тумани 10-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотида жисмоний тарбия йўриқчиси лавозимида ишлаб келган, Сардоба тумани Дўстлик маҳалласи Минор кўчасида яшовчи фуқаро Сайдалиев Муҳаммад Қайсарбек ўғлининг ташкилот раҳбари томонидан “маълумотинг ўрта-махсус”, деб ноқонуний равишда меҳнат шартномасини бекор қилганлиги юзасидан Сардоба туман адлия бўлимига қилган мурожаати ижобий ечим топди, ташкилот директорининг ходимни ишдан бўшатиш тўғрисидаги тегишли буйруғи бекор қилинди.
Илҳом Юнусов,
Сардоба туман адлия бўлими бошлиғи