Янгиликлар
16
Бажарилган ишлар учун ўз вақтида ҳақ тўланмади ва бу тадбиркорнинг норозилигига сабаб бўлди
Юртимизда тадбиркорликни ривожлантириш, бизнесни юритиш учун қулай муҳит яратиш, тадбиркорларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсати даражасига кўтарилган. Адлия органлари томонидан ҳам тадбиркорларнинг ҳуқуқ ва қонуний манфаатлари ҳар томонлама ҳимоя қилинмоқдаки, буни тадбиркорларнинг мурожаатларини ижобий ҳал қилиш борасидаги амалий натижаларда ҳам кўриш мумкин.
Хусусан, "Сардобада Муҳаммадали орзуси" МЧЖ раҳбари Д.Қаршиева Оқолтин туман халқ таълими бўлими томонидан шартномага асосан бажарилган ишлар учун 22 272 000 сўм пул маблағлари тўлаб берилмаётганлигидан норози бўлиб Оқолтин туман адлия бўлимига мурожаат қилди.
Туман адлия бўлими томонидан мазкур мурожаат ўрганилганда, халқ таълими бўлими томонидан ушбу маблағлар ҳақиқатдан ҳам тўланмаётганлиги ўз исботини топди. Ушбу қонунбузилишни бартараф этиш юзасидан Оқолтин туман адлия бўлими томонидан тадбиркор "Сардобада Муҳаммадали орзуси" МЧЖ раҳбари Д.Қаршиева манфаати йўлида судга даъво аризаси киритилди. Адлия бўлими аралашуви билан Оқолтин туманлараро иқтисодий судининг қарорига кўра тадбиркор фойдасига 22 272 000 сўм ундириш белгиланди. Ҳозирги кунда ушбу пул маблағлари тўлиқ ундириб берилиб, тадбиркор мурожаати қаноатлантирилди.
Турсунбой Каримов,
Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи