Янгиликлар
БИЛАСИЗМИ?
САВОЛ: Яқин танишим бор эди. У билан орамиз бироз бузилиб қолди. У товламачилик йўли билан менга таҳдид қиляпти. Товламачиликка жазо борми, шу ҳақида ҳуқуқий тушунтириш берсангиз?
Н.Юлдашев, Оқолтин тумани
ЖАВОБ: Товламачилик – бу жабрланувчи ёки унинг яқин кишиларига зўрлик ишлатиш, мулкка шикаст етказиш ёки уни нобуд қилиш ёхуд жабрланувчи учун сир сақланиши лозим бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб ўзгадан мулкни ёки мулкий ҳуқуқни топширишни, мулкий манфаатлар беришни ёхуд мулкий йўсиндаги ҳаракатлар содир этишни талаб қилиш ёхуд жабрланувчини ўз мулки ёки мулкка бўлган ҳуқуқини беришга мажбур қиладиган шароитга солиб қўйишдир.
Қонунбузар жабрланувчининг шахсига, унинг ўзигагина тегишли бўлган ва сир сақланиши керак бўлган маълумотларни ошкор қилиш билан қўрқитиб, бирор-бир мулкий манфаат яъни пул талаб қилинган бўлиши мумкин.
Ҳозирги кунда бундай товламачиликнинг энг кўп тарқалган кўринишларидан бири жабрланувчининг ўта шахсий фоторасмларини ёки видеоёзувларини ижтимоий тармоқлар орқали тарқатиш билан ёки яқин кишиларига юбориш билан қўрқитиб пул талаб қилишдир.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 165-моддасига асосан товламачилик жинояти учун, уч йилдан беш йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилдан беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси берилади.
Ушбу модданинг иккинчи қисмига асосан товламачилик:
а) такроран ёки хавфли рецидивист томонидан;
б) кўп миқдорда;
в) бир гуруҳ шахслар томонидан олдиндан тил бириктириб содир этилган бўлса, — беш йилдан ўн йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
165-модданинг учинчи қисмига асосан, товламачилик:
а) жуда кўп миқдорда;
б) ўта хавфли рецидивист томонидан;
в) уюшган гуруҳ томонидан ёки унинг манфаатларини кўзлаб содир этилган бўлса, — ўн йилдан ўн беш йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Товламачилик жиноятида бир ҳолатлар борки, бу жиноятни содир қилаётган шахс кўпинча қачон бу жиноятга қўл урганини тўғри англамайди.
Яъни қонунбузар жабрланувчига тегишли бўлган уятли фоторасмни тарқатиш билан қўрқитиб ундан пул талаб қилади, тўғрими? Айнан мана шу вазиятда, товламачи пулни олган-олмаганлигидан қатъий назар у томонидан жиноят содир этилган ҳисобланади.
Саволга Оқолтин туман адлия бўлими бошлиғи Турсунбой Каримов жавоб берди