Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

12

ЎЗБЕКИСТОН – УМУМИЙ УЙИМИЗ


Бағрикенглик деб аталмиш оддий сўз замирида олам-олам маъно мужассам. Зотан, бу фазилат ҳар қандай шахс, миллат, жамиятнинг кўрки ва зийнати, айни чоғда маънавий юксаклик ва улуғворлик белгисидир. Шунинг учун ҳам “бағрикенг ўзбек халқи”, “бағрикенг Ўзбекистон” ибораларини ҳар гал эшитганимиздақалбларимизни ғурур ва ифтиҳор туйғулари қамраб олади. Бу бежиз эмас албатта. Тақдир тақазоси билан йиллар ва асрлар оша турфа миллат ва элат вакиллари яшаб келган жаннатмакон юртимиз тинчлик, дўстлик ва бағрикенгик диёри сифатида оламга машҳур бўлиб келган.

Инсонга берилган энг буюк неъмат ҳаёт бўлса, инсоният интилиб келган энг улуғ мақсадлар бу тинчлик ва тотувликдир.

Ҳар қандай кўп миллатли ва кўп динли давлатда миллатлараро тотувлик ва кофессиялараро ҳамкорлик, жамиятдаги барқарорлик ва тараққиётга мустаҳкам замин яратувчи, унинг истиқболини белгилаб берувчи омиллардан ҳисобланади. Бугунги кунда юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат ҳамда 16 та конфессия вакиллари ўзаро тинчлик ва  ҳамжихатликда истиқомат қилмоқда. Бу муҳтарам юртбошимиз Ш.Мирзиёев томонидан ишлаб чиқилган ва изчил амалга оширилаётган, донишмандлик, инсонпарварлик ва адолатпарварлик тамойиллари асосига қурилган сиёсатнинг натижасидир.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан ўтказилган социологик сўров натижаларининг кўрсатилишича, 98 фоиздан зиёд респондентлар юртимизда яшовчи барча миллат ва элат вакиллари Ўзбекистонни ўз уйлари сифатида бўлиб, уларнинг ҳуқуқ ҳамда эркинликлари тўлиқ таъминланаётганини қайд этганлар ва жамиятда миллатлараро ҳамжиҳатликни мустаҳкамлашга қаратилаётган эътиборга юқори баҳо берганлар.

Бу мамлакатимизда инсонпарварлик ва бағрикенглик тамойиллари асосида олиб борилаётган демократик ислоҳотларнинг ўзига хос кўзгусидир. Бинобарин, Конституциямизнинг 8-моддасида белгиланганидек, Ўзбекистон халқини миллатидан қатъий назар, Ўзбекистон Республикасининг фуқаролари ташкил қилади.

Ҳозирги кунда мамлакатимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат вакиллари якдил, аҳил бўлиб яшаётгани, ҳар бир инсоннинг ҳаётий манфаатлари ҳамда эзгу мақсадлари рўёби учун тенг ва кенг имкониятлар яратиб берилгани алоҳида эътирофга ҳамда ибратга лойиқ. 140 га яқин миллий маданий марказларнинг самарали фаолият олиб бориши учун ҳар томонлама кўмаклашилаётгани турли миллат вакилларининг ўз она тили, маданияти, санъати, ҳунармандчилиги ва миллий қадриятларини ривожлантиришида муҳим ўрин тутмоқда.

Улар “халқ дипломатияси” механизмидан фаол фойдаланган ҳолда тинч ва фаровон ҳаётни асраш, хорижий мамлакатлар билан дўстона муносабатлар ва маданий-маърифий алоқаларни ривожлантириш, чет элдаги ҳамюртлар билан яқин ва ўзаро манфаатли муносабатларни йўлга қўйишга салмоқли ҳисса қўшмоқда. Бугунги кунда мамлакатимиз таълим муассасаларида ўқиш  7 тилда олиб борилмоқда. Теле-радио кўрсатув ва эшиттиришлар 12 тилда эфирга узатилмоқда, газета ва журналлар 10 дан ортиқ тилда чоп этилмоқда.

Бу борада “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида анъанавий дўстлик ва маданият фестивали ўтказиб келинмоқда.

Ушбу фестивал икки босқичда – ҳудудий ва республика босқичларида икки йилда бир маротаба ўтказилиб, айтиш жоизки, Ўзбекистон – умумий уйимиз” тамойилини амалга ошириш билан бирга, ёшларни миллатчилик ва экстремизм ақидаларига қарши мафкуравий иммунитетга эга, мустақиллик ғояларига содиқ бўлган баркамол авлодни тарбиялашда ҳам муҳим аҳамиятга эга бўлиб келган.

Шу ўринда айтиш жоизки, бугунги кунда вилоятимизда 5 та миллий маданий марказлар фаолият кўрсатиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 4 майдаги “Мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5430-сонли Фармони ижроси юзасидан Сирдарё вилоят ҳокимининг 2019 йил 15 августдаги 204-сонли қарори асосида Гулистон шаҳар “Тараққиёт” маҳалласи, Тараққиёт кўчаси 20-уйнинг биринчи қаватида “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи” ташкил этилди.

Бинонинг биринчи қавати 2019 йилда маҳаллий бюджет маблағлари ҳисобидан ажратилган 327 млн. сўм маблағ ҳисобига капитал таъмирланди. Бугунги кунда “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да 13 ННТ (5 та миллий маданий марказ ва 8 та ННТ) ўз фаолиятини юритмоқда.

Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши ҳузуридаги нодавлат нотижорат ташкилотларини ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш жамоат фонди маблағлари ҳисобидан “Нодавлат нотижорат ташкилотлари уйи”да жойлашган 5 та миллий маданий марказга ва 2 та ННТга 2020 йилнинг март ойида моддий-техник жиҳозлари (офис стол-стуллари, телефон аппаратлари, компьютер жамланмалари, принтерлар, интернет алоқаси, маҳкама моллари ва бошқа зарурий жиҳозлар) ҳарид қилинди ва топширилди.

Хулоса ўрнида айтганда, “Ўзбекистон – умумий уйимиз” шиори остида ўтказилаётган ҳар бир тадбир миллатлараро тотувлик ва динлараро бағрикенглик соҳасида Ўзбекистоннинг ўз мақсадларига содиқлигининг ёрқин ифодаси сифатида хизмат қилиши билан бирга, мамлакатда миллатлараро ва конфессиялараро тотувлик, тинчлик ва барқарорликни таъминлаш бўйича яхлит тизимни ривожлантириш, миллий маданий марказлар учун янада қулай ва кенг имкониятлар яратиш, уларнинг бунёдкорлик ташаббуслари ва интилишларини қўллаб-қувватлаш, фаолиятини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, хорижий мамлакатлар билан дўстлик ва маданий-маърифий алоқаларини янада ривожлантириш, “халқ дипломатияси” воситасида чет элдаги ватандошлар билан муносабатларни кенгайтиришга хизмат қилади.

С.Тоғаев,

Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари