Янгиликлар
МИГРАНТЛАРГА ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТЛАР БЕРИЛДИ
Президентимизнинг 2019 йил 20 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва уларнинг оила аъзоларини ҳимоя қилиш кафолатларини янада кучайтириш чоралари тўғрисида”ги фармони, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 23 августдаги “Хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ўз моҳиятига кўра, хорижда вақтинчалик меҳнат фаолиятини амалга ошираётган Ўзбекистон Республикаси фуқароларини ижтимоий ва ҳуқуқий ҳимоялаш чоралари билан қамраб олиш кўламини кенгайтиради, фуқароларимизни хорижда ва Ватанимизда уюшган тарзда ишга ёллаш, тайёрлаш, мослаштириш тадбирларини амалга ошириш ва ишга жойлаштириш жараёнларини самарали бошқариш ва назорат қилиш йўлларини белгилайди.
Гулистон шаҳар аҳоли бандлигига кўмаклашиш маркази томонидан ташкил этилган тадбир меҳнат мигрантлари ва уларнинг оила аъзоларига ҳуқуқларини тушунтириш, соҳада қабул қилинаётган қонун ҳужжатларидан уларнинг хабардорлигини ошириш мақсадини ўзида ифода этди.
Мазкур тадбирда вилоят адлия бошқармаси ҳамда Гулистон шаҳар адлия бўлими масъул ходимлари иштирок этиб “Мигрантга ҳуқуқий ёрдам” лойиҳаси асосида мигрантлар ва уларнинг оила аъзолари билан суҳбатлашди, мигрантлар билиши лозим бўлган ҳуқуқ ва мажбуриятларини тушунтирди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими