Янгиликлар
Сирдарё вилояти адлия бошқармасида Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллигига бағишланган маънавий-маърифий тадбир бўлиб ўтди
Шу кунларда мамлакатимизнинг барча ҳудудларида, таълим муассасаларида, давлат органлари ва ташкилотларида улуғ бобокалонимиз Алишер Навоий таваллудининг 580 йиллиги муносабати билан турли тадбирлар, адабий-бадиий анжуманлар бўлиб ўтмоқда. Сирдарё вилояти адлия бошқармасида ҳам сана муносабати билан маънавий-маърифий тадбир ташкил қилинди.
Тадбирда Давлат тилида иш юритиш асосларини ўқитиш ва малака ошириш марказининг Сирдарё вилояти ҳудудий бўлинмаси раҳбари Қобил Кубаев, Гулистон давлат университети Адабиётшунослик кафедраси доценти Гулчеҳра Қўйлиева, Вилоят мусиқали драма театри актёри, «Дўстлик» ордени соҳиби Иброҳим Қосимов иштирок этди. Сўзга чиққанлар Навоийнинг буюк шоир, мутафаккир, давлат арбоби сифатида ўз даври ижтимоий-маданий ҳаёти ривожига қўшган ҳиссаси, буюк бобокалонимизнинг бой илмий, маърифий, бадиий мероси ҳақида кенг маълумотлар беришди.
Камол эт касбким, олам уйидин
Санго фарз ўлмағай ғамнок чиқмоқ.
Жаҳондин нотамом ўтмак биайни,
Эрур ҳаммомдин нопок чиқмоқ.
Навоий ушбу қитъада одамзот мақсади ва диққат-эътиборини улуғ мақом ва даражани эгаллашга қаратиб, бу оламдан ўтмасдан олдин турли иллат ва ярамас феъл-атвордан покланиб олиш кераклиги, бундан покланмаслик ёки уларга беэътибор яшаб ўтиш аслида ҳаммомга ювиниб, покланиб олишни мақсадида кириб, лекин ундан ювиниб-покланмасдан чиққан кишига қиёсламоқда. Бу руҳий-маънавий покланиш йўли демакдир.
Мулоқот давомида Алишер Навоийнинг тарбиявий аҳамиятга эга бўлган шу ва бошқа асарларидан намуналар келтирилиб, шарҳланди, таҳлил қилинди.
Вилоят мусиқали драма театри актёри Иброҳим Қосимов томонидан ижро этилган “Навоий ва Гули” саҳнасидан парча адлия ходимларида катта таассурот қолдирди.
- Бугун Навоийни бутун дунё ўрганяпти, унга таъзим қилаяпти. Япония, Боку, Москва каби ривожланган давлатларда буюк аждодимизга ҳайкал ўрнатилганлиги ҳам Алишер Навоийнинг дунё тамаддунида қўшган ҳиссаси беқиёс эканлигидан далолатдир. Унинг муносиб ворислари сифатида Навоийни ҳар ким, ҳар куни ўқиши керак, - дейди Адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов.
Дарҳақиқат, Навоий ижоди улкан уммон, у инсонни маънавий-руҳий мукаммалликка элтади. Шу уммон қаърида яширинган дуру-жавоҳирларни қидириб топиш эса авлодлар зиммасидаги қарздир.
Дилноз Умурзоқова,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси
Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими бошлиғи