Янгиликлар
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
Савол: Турмуш ўртоғим поликлиникада лаборант ҳамшира вазифасида ишлайди, 2021 йилда декрет таътили тугаб, январь ойидан ишга чиқди, аммо бўлим мудири уни лабораторияга эмас, балки ЭКГ хонасига ҳамшира вазифасига қўйибди. Декрет таътилидан қайтган ходим ўз иш жойида ишлаши учун қандай йўл тутиши керак, бўлим мудирининг хатти-ҳаракатлари тўғрими?
А.Баҳодиров, Боёвут тумани "Муқумий" МФЙ
Жавоб: Турмуш ўртоғингизнинг ҳуқуқлари бузилган деб ҳисоблаймиз. Бу вазиятда турмуш ўртоғингиз туман Адлия бўлимига ёки Аҳоли бандлигига кўмаклашиш марказига мурожаат қилиш орқали бузилган ҳуқуқини тиклаши мумкин.
Аввал кадрлар бўйича мутахассислар кўп қўллайдиган «декрет таътили» ёки «декрет» аслида норасмий оғзаки ифода эканлигини айтиб ўтмоқчимиз. Бунда одатда иккита давр: ҳомиладорлик ва туғиш таътиллари Меҳнат кодексининг 233-моддаси ҳамда ушбу кодекснинг 234-моддасига асосан бола уч ёшга тўлгунга қадар парваришлаш учун бериладиган таътиллар назарда тутилади. Амалдаги меҳнат қонунчилигида айнан ушбу номлар қайд этилганлиги тушунтирилади.
Ушбу кодекс 233-234-моддаларига мувофиқ ҳомиладорлик ва туғиш, шунингдек, болани парваришлаш таътиллари даврида аёлнинг иш жойи (лавозими) сақланади. Юқоридаги қоидалардан кўриниб турибдики, турмуш ўртоғингизнинг асосий иш жойи ва лавозими (лабораториядаги ҳамширалик)сақланиши шарт. Бу дегани у декретган қайтиши билан шу лавозимда ишлашни давом эттиришга ҳақли.
Шуни ҳам айтиш керакки, Меҳнат Кодексининг 89-моддасига мувофиқ иш берувчи ходимнинг розилигисиз меҳнат шартларини ўзгартиришга фақат технологиядаги, ишлаб чиқариш ва меҳнатни ташкил этишдаги ўзгаришлар, ишлар (маҳсулот, хизматлар) ҳажмининг қисқарганлиги, башарти бундай ўзгаришлар ходимлар сони ёки ишлар хусусиятининг ўзгаришига олиб келиши олдиндан аниқ бўлган ҳоллардагина ҳақлидир. Иш берувчи фақат шу ҳолатлардагина ходимни унинг розилигини олмаган ҳолда бошқа лавозимга ўтказиши мумкин.
Бундай вазиятларда иш берувчига нисбатан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекс 49-моддаси билан (яъни мансабдор шахс томонидан меҳнат ва меҳнатни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонун ҳужжатларини бузиш)базавий ҳисоблаш миқдорининг беш бараваридан ўн бараваригача миқдорда жарима солишга сабаб бўлади. Шунга кўра юқоридаги органларга мурожаат қилишни тавсия қиламиз.
Саволга Боёвут туман адлия бўлими етакчи маслаҳатчиси Жавоҳир Сайимов жавоб берди