Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

02

ОДИЛ СУДЛОВГА ЭРИШИШ ИМКОНИЯТЛАРИ КЕНГАЙТИРИЛАДИ


 Муҳтарам Президентимизнинг Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида барча соҳалар қатори суд соҳасига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Хусусан, Мурожаатномада инсон ҳуқуқи ва эркинликларини ҳимоя қилиш, қонун устуворлигига қаратилган ислоҳотлар келгуси йилда ҳам давом эттирилиши, Судлар фаолиятида ҳам муҳим ўзгаришлар бўлиши кўзда тутилаётганлиги, унга кўра «Бир суд — бир инстанция» тамойили жорий этилиши, яъни бир судда кўриб чиқилган иш ушбу судга қайтарилмаслиги, бир-бирини такрорлайдиган судлар бекор қилиниши,  Олий суд назорат тариқасида ишларини кўриш амалиёти бекор қилиниши ва вилоятлардаги 3та суд биттага бирлаштирилиши, ишларни судгача ҳал қилиш амалиёти жорий этилиши, инсонларга янада қулайлик яратиш сифатида, судларда онлайн иштирок этиш мумкинлиги  алоҳида қайд этилди.

Шу ўринда  2021  йил  12 январда  “Суд   қарорларини  қайта кўриш   институти такомиллаштирилиши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги 661-сон Ўзбекистон Республикаси Қонуни қабул қилинди.

         Қонуннинг мақсади фуқаролар учун одил судловга эришиш имкониятларини кенгайтириш мақсадида апелляция ва кассация инстанцияларини ислоҳ қилиш, суд ишларини назорат тартибида кўриб чиқиш институтининг тугатилиши ва кассациянинг учинчи инстанция суди сифатида белгиланиши натижасида суд қарорларининг қонунийлиги, асослиги ва адолатлиги бевосита ундан норози томоннинг тўғридан-тўғри берган шикояти асосида кўрилишига эришиш, судларда ишларни назорат тартибида кўриб чиқиш бўйича бир-бирини такрорловчи инстанцияларни қисқартиришдан иборатдир.

Қонун билан Фуқаролик процессуал кодексига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди.

Масалан, Фуқаролик процессуал кодексига киритилган ўзгартиришларга кўра, ишларни назорат тартибида кўриш инстанцияси тугатилди.

Фуқаролик ишининг якка тартибда ва ҳайъатда кассация тартибида такроран кўриш 5 нафар судьядан иборат таркибда амалга оширилиши белгиланди.

Ишни биринчи инстанция судида кўрган судья, агар суднинг ҳал қилув қарори апелляция ёки кассация инстанцияси суди томонидан бекор қилинган бўлса, бу ишни такроран янги очилган ҳолатлар бўйича ишларни кўриш, шунингдек сиртдан иш юритиш тартибида қабул қилинган ҳал қилув қарорини қайта кўриш ҳолларида кўриши мумкин.

Шунингдек, прокурор фуқаролик ишларида бошқа шахсларнинг аризалари билан қўзғатилган ишнинг муҳокамасида ўз ташаббуси билан иштирок этиши мумкин эмас.

Эндиликда Президент ҳузуридаги Тадбиркорлик субъектларининг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш бўйича вакил суднинг ҳал қилув қарори устидан апелляция тартибида шикоят қилиши мумкин.

Апелляция шикояти (протести) ҳал қилув қарори қабул қилинган кундан эътиборан бир ой ичида берилиши, кассация шикояти (протести) бўлса апелляция инстанцияси судининг ажрими қабул қилинган кундан эътиборан бир йил ичида берилиши мумкинлиги белгиланди.

Биринчи инстанция судининг ҳал қилув қарори, ажрими, қарори ва апелляция инстанцияси судининг ажрими устидан берилган кассация шикояти (протести) Олий суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати томонидан кўрилиши белгиланди.

  Хулоса ўрнида айтганда, Фуқаролик кодексининг такомиллаштирилиши, энг аввало, жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, тадбиркорлик субъектларининг мулкий ва бошқа ҳуқуқлари ҳимоя қилинишини таъминлашга хизмат қилади.

 

         С.Тоғаев,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари