Янгиликлар
ЁШ ТАДБИРКОРЛАРНИНГ ҲУҚУҚИЙ БИЛИМЛАРИ ОШИРИЛДИ
Мамлакатимизда тадбиркорлик фаолияти ҳар томонлама қўллаб-қувватланмоқда. Айниқса ҳудудларда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг тадбиркорлар мурожаатларини кўриб чиқиш қабулхоналари ташкил этилганлиги тадбиркорлик фаолиятини ривожлантиришда тўсқинлик қилаётган сабаблар ва мавжуд тизимли муаммоларни кўриб чиқиб, ижобий хал қилиш имконини бермоқда. Тўғри, бизнес юритиш учун қулай ишбилармонлик муҳити яратилди, натижада тадбиркорлик субъектлари сони янада ортиб бормоқда,бироқ баъзи тадбиркорлар ҳуқуқий кўмакка муҳтож.
Сайхунобод туманидаги Бош вазир қабулхонаси қошида ташкил этилган Жамоатчилик Кенгаши аъзолари иштирокида ташкил этилган тадбирда туман ҳудудида тадбиркорлик фаолиятини амалга ошириш билан боғлиқ бўлган муаммолар таҳлил қилинди. Туман адлия бўлими томонидан тадбиркорлик фаолиятига оид янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти батафсил тушунтирилди.
Шундан сўнг, Сайхунобод тумани Давлат хизматлари маркази биносида "Ёшлар билан учрашув" ташкил қилинди. Тадбирда туман адлия бўлими, Сайхунобод туманидаги Бош вазир қабулхонаси, АТ "Халқ банк" Сайхунобод туман филиали, Давлат ҳизматлари агентлиги, "ЎзЛиДеП" партияси Сайхунобод туман Кенгаши вакиллари иштирок этди.Учрашувда Президентнинг Олий Мажлисга Мурожаатномасида тадбиркорлик ва кичик бизнесни ривожлантириш бўйича амалга оширилиши белгиланган вазифалар тўғрисида батафсил тўхталиб ўтилди.
Таъкидланганидек, тадбиркорларга янада қулайлик яратиш мақсадида 105 та лицензия ва рухсатнома турлари бекор қилинади, 115 таси бўйича эса тартиб-қоидалар соддалаштирилади. Пандемия шароитида айланма маблағ танқислигига дуч келган тадбиркорларимиз оёққа туриб олишлари учун уларга кўмак бериш давом эттирилади.
Мулоқотда муҳтарам Президентимиз раҳнамолигида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга қаратилган устувор вазифалар ҳақида кенг маълумотлар берилди.Бир сўз билан айтганда, ушбу тадбир ёш тадбиркорларнинг ҳуқуқий саводхонлигини оширишга хизмат қилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими