Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

26

ОРЗУЛАР ОҒУШИДАГИ ҲАСАНЖОН


         “Тонг отиб, оппоқ булутлар орасидан қуёш порлаб чиқишини, уфқ қизариб, қуёш эринибгина ботишини, ортидан ой ва юлдузлар чақнаб, само мўъжизалар маконига айланишини кузатишни яхши кўраман. Аммо, ўзим мустақил ҳаракатлана олмаганим боис бу жараённи кузатиш менга ҳар доим ҳам насиб қилавермайди...”

         13 йилдирки, Ҳасанжон мана шу  умидлар оғушида кунларни тунларга, тунларни ширин орзуларга боғлаб яшаётир.

     —Ҳасанжон болалар церибрал фалажлиги касаллиги ташхиси билан даволанмоқда. У ҳар доим ўзи мустақил ҳаракатланишга интилади, айни кунларда шифокорларнинг олиб бораётган муолажалари самара беришига ишонамиз,—дейди онаси Муҳаббат опа.—Фарзандим кўз ўнгимда улғайиб бормоқда. Айни кунларда унга ногиронлик аравачаси зарурлиги сезилмоқда.

      Яқинда Сирдарё тумани “Матонат” МФЙ ҳудудидаги Овчилар кўчасида истиқомат қилувчи фуқаро М.Машарипованинг 2007 йилда туғилган, ногиронлиги бўлган фарзанди Ҳ.Муталовга ногиронлик аравачаси берилишида амалий ёрдам сўраб қилган мурожаати ана шу мазмунда эди.

        Туман адлия бўлими томонидан ушбу мурожаат холисона ўрганиб чиқилиб, ижобий ҳал қилинди. Туман Тиббий-ижтимоий хизматлар шўъбаси вакиллари билан ҳамкорликда Ҳасан Муталовга ногиронлик аравачаси топширилди. Бу эътибордан, кўрсатилган мурувватдан кўнгли ярим боланинг боши осмонга етди.          Ҳадемай баҳор келади. Ҳасанжоннинг орзулари ушалади. У қуёш чиқиб, ботишини, ой ва юлдузларнинг коинотдаги жилвасини, жозибасини энди бемалол кузата олади. Дунёда яхши, саховатли одамлар борлиги туфайли чеҳрасида пайдо бўлган мамнунлик унинг келгусида оёққа туриб, тенгқурлари қатори ўйнаб-кулиб юришига сабаб бўлишини чин дилдан истаб қоламиз.


 Шуҳрат Алимов,

Сирдарё туман адлия бўлими бошлиғи