СИРДАРЁ ВИЛОЯТИ АДЛИЯ БОШҚАРМАСИДА “FAMILY DAY” ТАДБИРИ ЎТКАЗИЛДИ
Сирдарё вилояти адлия бошқармасида бугун ўзгача файз, ўзгача шукҳ ҳукмрон бўлди. Мана икки йилдирки, ўтказилиши анъанага айланган "Family day" ("Оила куни") тадбири бошқарма ходимлари ва уларнинг оила аъзоларини яна бир жойга жамлади.
Тадбир дебочасида бошқарма бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов ушбу тадбирни ўтказишдан кўзланган асосий мақсад ҳақида сўз юритар экан, оилалар мустаҳкамлигини таъминлаш, ходимлар ва уларнинг оиласи билан яқиндан танишиш орқали жамоада соғлом ижтимоий-маънавиятни қарор топтириш, қолаверса, болажонларни ота-оналарининг иш жойи билан яқиндан таништириш, улар қалбида ота-онаси билан фахрланиш ҳиссини шакллантиришдан иборат эканлигини алоҳида таъкидлади.
Тадбир болажонлар учун ажойиб туҳфаларга бой бўлди. Эртак қаҳрамонларининг иштироки олам-олам қувонч улашган бўлса, Гулистон шаҳридаги "I CAN" ўқув маркази ўқувчилари томонидан намойиш этилган роботлар кўргазмаси техника оламига саёҳат қилишларига асос бўлди.
Кўргазма жараёнида ҳар бир инновацион ғоя маҳсулининг яратилиши тўғрисида ўқув маркази ўқувчилари томонидан маълумотлар берилди. Ўз навбатида болалар ушбу техникаларни ишлатиб кўриш имкониятига ҳам эга бўлишди.
Шундан сўнг шоу дастурига навбат берилди. Бунда қизиқарли шартлар орқали ота-оналар ва болажонларнинг эпчиллиги ва чаққонлиги синовдан ўтказилди.
Ҳар бир шарт ўзига хослик касб этди. Айниқса "Арқон" шарти мушоҳада, ақл ва тафаккур синови бўлди.
Ушбу шартларда фаол иштирок этганларга "I CAN" ўқув марказининг совғалари топширилди, ғолиб ота-оналар эса фарзандининг мазкур ўқув марказида ўқиши учун 10 фоизлик чегирма асосида сертикатларга эга бўлишди.
Бундан ташқари, болажонлар ўртасида "Ҳуқуқий билимлар синови", расм чизиш бўйича мусобақалар ҳам ўтказилди. "Менинг оилам" мавзусида чизилган суратларда ҳар бир бола ўз тасаввуридаги бахтли, аҳил ва иноқ оилани тасвирлашга ҳаракат қилдилар.
Тадбирда спорт ўйинларига ҳам ўрин ажратилди. Хусусан, шахмат, шашка, теннис бўйича ўтказилган мусобақалар муросасиз баҳсларга сабаб бўлди. Жараённи Юридик техникум ўқувчилари холис кузатиб, баҳолаб бордилар.
Шу куни болажонлар торт ва ширинликлар билан сийландилар.
Тадбир ниҳоясида болаларга совғалар ҳам улашилди.
Ушбу тадбир адлия ходимлари оилалари ва фарзандларида олам-олам таассуротлар қолдирди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими