Янгиликлар
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
САВОЛ: Олий ўқув юртларида ўқишни кўчириш тартиби ҳақида маълумот берсангиз?
М.Юлдашева, Янгиер шаҳри
ЖАВОБ: Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарори билан тасдиқланган “Олий таълим муассасалари талабалари ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби тўғрисида”ги Низомга асосан олий таълим муассасалари талабаларининг ўқишини кўчириш учун тегишли ариза ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар олий таълим муассасалари, тизимида олий таълим муассасалари бўлган вазирликлар ва идоралар ёки Ўзбекистон Республикаси таълим муассасаларига қабул қилиш бўйича Давлат комиссиясиясига топширилади.
Аризаларни олий таълим муассасаси, тегишли вазирлик ёки комиссия кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш ҳар йили 5 августдан 30 августга қадар амалга оширилади. Талабалар ўқишини кўчириш узрли сабабларга кўра, бир ҳудуддан иккинчи ҳудудга доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан кўчиб ўтганда, турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда, ёхуд ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин ҳам амалга оширилиши мумкин. Бунда, ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январигача, ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш ҳар йили 25 январдан 15 февралгача амалга оширилади.
Маълумот учун Низомнинг 17-бандига асосан ариза билан бирга ўқишини кўчириш истагини билдирган фуқаро талабанинг рейтинг дафтарчаси ёки белгиланган шаклдаги академик маълумотнома нусхалари ва паспортнинг нусхасини тақдим қилиш кўрсатилган.
Саволга Янгиер шаҳар адлия бўлими бош маслаҳатчиси Тўлқин Турдибеков жавоб берди