Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Ватан ҳимояси - муқаддас бурч


Ҳазрат Алишер Навоий айтганларидек, бу дунёда эр йигитнинг энг буюк, эзгу ва муқаддас вазифаси, аввало, ўз оиласи, Ватани ва халқини муносиб ҳимоя қилишдан иборатдир.

Қуролли Кучлар Қўмондони, муҳтарам Президентимизнинг асосий эътибори ҳам шу соҳага қаратиб келинаётганлиги туфайли, яъни ҳарбийларимизнинг ерда ва кўкда, сувда ва қуруқликда олиб бораётган мардона хизматлари туфайли осмонимиз мусаффо, болаларимиз, мўътабар оналаримиз, кексаларимиз хотиржам яшамоқда, юртимиз обод, халқимиз ҳаёти фаровон бўлмоқда.

Шу кунларда барчамиз Ватан, халқ ва армия бири-бирига нақадар яқин ва муштарак эканини ҳар қачонгидан ҳам теранроқ ҳис этмоқдамиз.

Дунё миқёсида халқаро терроризм, экстремизм каби хавф-хатарлар, миллий ва глобал хавфсизликка қарши таҳдидлар тобора ортиб бораётган ҳозирги мураккаб даврда Қуролли Кучларимизнинг жанговар салоҳиятини юксалтириш, унинг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, замонавий қурол-яроғ ва аслаҳалар билан таъминлаш, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний, маънавий-интеллектуал тайёргарлигини ошириш, ижтимоий ҳимоясини кучайтириш бугун янада долзарб, энг устувор вазифа бўлиб қолмоқда.

Муҳтарам Президентимизнинг сайъи ҳаракатлари билан давлатимизнинг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича қатъий позициясини ифода этадиган янги Мудофаа доктринаси ишлаб чиқилди. Амалга оширилаётган туб ислоҳотлар натижасида миллий армиямиз тезкор ва ихчам, ҳар қандай таҳдидларга муносиб зарба беришга қодир бўлган жанговар кучга айланиб бормоқда.

Барчамиз яхши англаймиз: бу борада ҳар бир ҳарбий хизматчининг профессионал билим ва малакаси, ақлий салоҳияти, руҳий тайёргарлигини ошириш, уларда ватанпарварлик фазилатларини камол топтириш ўта муҳим аҳамиятга эгадир.

Бу борада муҳтарам Президентимизнинг ташаббуслари билан давлатимиз мудофаа қудратини ҳар томонлама ошириш, етук ва малакали ҳарбий кадрларни тайёрлашга, Ватан ҳимоячилари, уларнинг оилалари учун муносиб ҳаёт шароитларини яратиш алоҳида эътиборда.

Масалан, ҳарбий хизматчилар учун имтиёзли кредитлар асосида кўп қаватли уйлар фойдаланишга топширилмоқда, ҳарбий хизматчиларнинг фарзандлари олий таълим муассасаларига давлат гранти асосида ўқишга қабул қилинмоқда, шунингдек, ҳарбий шаҳарчаларни обод қилиш, уларнинг ҳудудида замонавий инфратузилмалар барпо этиш бўйича олиб борилаётган кенг кўламли ишлар изчил давом эттирилмоқдаки, бу нафақат ҳарбийларимизнинг, балки халқимизнинг эртанги кунга бўлган ишончини янада оширмоқда.   

Айни кунларда бутун мамлакатимиз бўйлаб “Ҳарбий ватанпарварлик ойлиги” доирасида кенг кўламли тадбирлар ташкил қилинди. Бундан кўзланган асосий мақсад ёшлар ўртасида ҳарбий-ватанпарварлик тарбиясини кучайтириш, ушбу соҳадаги қадрият ва анъаналаримизни тарғиб этишдан иборатдир.

Хулоса ўрнида, ушбу байрам нафақат ҳарбийларимиз, балки  уларнинг ота-оналари, оилалари, бутун халқимиз билан биргаликда кенг нишонланадиган шону шараф айёмидир.

Улуғ айём барча юртдошларимизга, бағрикенг халқимизга муборак бўлсин, ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, сарҳадларимизни қўриқлаётган мард ва жасур ўғлонлар омон бўлсинлар!

С.Тоғаев,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари