Янгиликлар
ГУЛИСТОН ШАҲРИДА СУД ИДОРАЛАРИ БИЛАН ҲАМКОРЛИКДА ТАРҒИБОТ ТАДБИРИ ТАШКИЛ ҚИЛИНДИ
Гулистон шаҳар мусиқа мактабида шаҳар адлия бўлими, Мадад ННТ, Сирдарё вилоят иқтисодий суди, Фуқаролик ишлари бўйича Сирдарё вилоят суди, Сирдарё вилоят маъмурий суди муттассадилари билан ҳамкорликда ўтказилган тарғибот тадбирида “Ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож оилалар, ёлғиз кексалар, доимий ишсиз фуқаролар”га “Темир дафтар” асосида ҳуқуқий ёрдам бериш бўйича тушунтириш ишлари олиб борилди.
Учрашувда Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Назар Қаршибоев иштирок этди ҳамда «Аҳоли бандлиги тўғрисида»ги Қонун мазмун-моҳиятини батафсил тушунтирди.
Қонунда белгиланганидек, қуйидагилар иш қидираётган шахслар сифатида маҳаллий меҳнат органларида рўйхатга олиниши мумкин:
ишга ёки иш ҳақи (меҳнат даромади) келтирадиган машғулотга эга бўлмаган, ўн олти ёшдан катта бўлган шахслар;
ўзи билан тузилган меҳнат шартномаси Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг тегишли моддаларида кўрсатилган ҳолатлар бўйича бекор қилиниши мумкин бўлган (меҳнат шартномаси келгусида бекор қилиниши тўғрисида огоҳлантирилган) шахслар;
тиббий-меҳнат эксперт комиссияси хулосасига кўра меҳнат фаолиятини амалга ошириш имкониятига эга ногиронлиги бўлган шахслар;
ёшидан қатъи назар, меҳнат фаолиятини қайта тикламоқчи (давом эттирмоқчи) бўлган пенсионерлар;
иш жойини ёки касбини ўзгартиришни хоҳловчи шахслар;
доимий иш жойига эга бўлишни хоҳловчи, бир марталик, вақтинча ва мавсумий ишларда банд бўлган шахслар;
ҳақ тўланадиган жамоат ишларида ва қишлоқ хўжалигида мавсумий ишларда иштирок этишни хоҳловчи шахслар.
Ишга жойлашишга муҳтож бўлган шахсларнинг бошқа тоифалари ҳам иш қидираётган шахслар сифатида маҳаллий меҳнат органларида рўйхатга олиниши мумкин.
Тадбирда мазкур Қонуннинг шу ва бошқа жиҳатларига алоҳида тўхталиб ўтилди, шунингдек, суд-ҳуқуқ соҳасига оид иштирокчиларни қизиқтирган барча саволларга жавоблар берилди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими