Янгиликлар
Юридик техникумда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси муҳокама килинди
Адлия вазирлиги юридик техникумлари фаолияти Президентимизнинг 2020 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикасида юридик таълим ва фанни тубдан такомиллаштириш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги фармонига мувофиқ такомиллаштирилмоқда. Мазкур таълим муассасаларига ўқувчилар қабули тест синовлари асосида амалга оширилади. 413 нафар ўқувчини ўз бағрига олган Сирдарё вилояти юридик техникуми ўрта-махсус маълумотга эга мутахассислар тайёрлайдиган вилоятдаги ягона таълим муассасасидир.
2020-2021 ўқув йилида 228 нафар абитуриент тест синовларидан муваффақиятли ўтиб ўқувчилар сафига қабул қилинди. Бугун техникумнинг 1-босқич ўқувчилари иштирокида “Раҳбар ва ёшлар” мавзусида тадбир ташкил қилинди. Тадбирда Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи, Юридик техникум директори Жамшидхон Нуритдинов иштирок этди.
Учрашувда Ўзбекистон Республикаси Президентининг Олий Мажлисга Мурожаатномаси мазмун-моҳияти ва аҳамияти тўғрисида атрофлича маълумотлар берилди.
- Мурожаатномада давлатимиз раҳбари ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш масаласига алоҳида урғу бердилар. Бундан ташқари, олийгоҳлар ва таълим тизимининг қуйи бўғинлари ўртасидаги узвийликни кучайтириш мақсадида 65 та академик лицей олий ўқув юртлари тасарруфига ўтказилишини, шунингдек, 187 та техникум ҳам ўз йўналиши бўйича турдош олийгоҳ ва тармоқ корхоналарига бириктирилишини таъкидладилар. Албатта, бу эътибор таълим соҳасини янада ривожлантиришда муҳим асос бўлади, - деди Жамшидхон Нуритдинов ўз маърузасида.
Мулоқот техникум фаолияти, таълим-тарбия жараёнини янада такомиллаштиришга қаратилган масалаларга оид мулоҳазалар билан янада қизғин тус олди. Тадбир ўқувчиларда катта таассурот қолдирди.
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими