Янгиликлар
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
Савол: Пенсияга чиқишда ўртача ойлик иш ҳақини аниқлашнинг умумий тартиби қандай, шу ҳақида маълумот берсангиз?
Даврон Казаков, Сирдарё тумани “Қуёш” МФЙ
Жавоб: Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун, ишдаги мавжуд танаффуслардан қатъи назар, охирги ўн йиллик меҳнат фаолияти давомидаги исталган кетма-кет беш йилдаги (пенсия сўраб мурожаат этган кишининг танлови бўйича) иш ҳақи олинади.
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи кетма-кет ишланган олтмиш календарь ойлар учун қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини олтмишга бўлиш йўли билан аниқланади. Бунда пенсия сўраб мурожаат этган кишининг хоҳишига кўра, ишга қабул қилиш ёки меҳнат шартномасини бекор қилиш муносабати билан иш кунлари сони тўлиқ бўлмаган ойлар тўлиқ ишланган календарь ойлар сифатида ҳисобга олинади.
Пенсия сўраб мурожаат этган киши беш йилдан кам ишлаган ҳолларда пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи ишланган календарь ойлар учун қайта ҳисобланган иш ҳақининг умумий миқдорини шу ойлар сонига бўлиш йўли билан аниқланади.
Пенсияни ҳисоб-китоб қилиш учун пенсияни ҳисоблаш базавий миқдорининг ўн бараваридан ортиқ бўлмаган миқдордаги ўртача ойлик иш ҳақи олинади.
Пенсияни ҳисоблаб чиқариш учун олинадиган ўртача ойлик иш ҳақи пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан оз бўлган ёки иш ҳақи тўғрисидаги маълумотлар умуман мавжуд бўлмаган ҳолларда пенсия пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдоридан келиб чиққан ҳолда ҳисоблаб чиқарилади.
Саволга Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Азиз Мавланов жавоб берди