Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

30

САЙЁР ҚАБУЛЛАР АҲОЛИ МУРОЖААТЛАРИ БИЛАН ИШЛАШНИНГ САМАРАЛИ УСУЛИ


Аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, фуқароларни қийнаб келаётган муаммоларга ҳуқуқий ечим топишда сайёр қабулларнинг аҳамияти катта. Бу борада вилоят адлия бошқармаси раҳбарияти томонидан ҳам аниқ чора-тадбирлар асосида ҳудудларда сайёр қабуллар ташкил этилмоқдаки, бу амалиёт ижобий самараларга омил бўлмоқда.

Гулистон шаҳар Халқ қабулхонаси биносида Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов томонидан туман аҳолиси муаммоларини ўрганиш мақсадида ўтказилган сайёр қабулда 20 нафар фуқароларнинг мурожаатлари тингланди. Шундан, 5 та мурожаат қаноатлантирилди, 9 та мурожаат Гулистон шаҳар адлия бўлими иш юритувига олиниб, 6 та мурожаат юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Сайёр қабулда фуқаролардан келиб тушган мурожаатларнинг асосий қисмини ижтимоий масалаларга оид мурожаатлар ташкил қилди. Жумладан, “Баҳор” маҳалласида яшовчи фуқаро М.Ворисова  мутахассислиги бўйича тиббиёт ҳамшираси. Бироқ ишсиз, шунингдек уй-жойга муҳтож. Фуқаро Т.Холиқулов тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиш мақсадида нонвойхона, қассобхона очмоқчи, аммо имтиёзли кредит олиш учун унга кўмак зарур. Фуқароларнинг ижтимоий масалаларга оид шу бошқа мурожаатларига тегишли ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Сайёр қабул давомида З.Раимқулованинг 3-гуруҳ ногиронлигини белгилаш масаласи юзасидан, фуқаро Г.Асадовнинг фарзандига туғилганлик гувоҳномаси олишда, фуқаро М.Сотволдиеванинг арзонлаштирилган уй-жой олишда амалий ёрдам сўраб қилган мурожаатлари Гулистон шаҳар адлия бўлими томонидан  қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқиш учун иш юритувга олинди.  Сайёр қабулларда фуқаролар айнан ўзларини қийнаб келган, ечимини кутаётган муаммолари билан мурожаат қилишлари, жойларда одамларнинг адлия органларига бўлган ишончи мустаҳкамланиб бораётганидан далолат. Биз нафақат сайёр қабулларда, балки, онлайн тарзда, телеграм каналлари ҳамда ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларимиз орқали ҳам мурожаатлар қабул қилмоқдамиз. Ижтимоий тармоқдаги баъзи саволларга дарҳол жавоблар берилса, муаммоли мурожаатлар кирим қилиниб, назоратга олинади ва белгиланган муддатларда жавоб фуқаро истаган тарзда, ёзма ёки онлайн берилади, - дейди бошқарма бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов.
  • Маълумот ўрнида, 2020 йил давомида Сирдарё вилояти адлия бошқармаси раҳбарияти томонидан ҳудудларда 34 маротаба сайёр қабуллар ўтказилиб, 600 га яқин мурожаатлар қабул қилинган, шундан 400 дан зиёд мурожаатлар қаноатлантирилиб, қолганига ҳуқуқий тушунтиришлар берилган.

    Мухтасар айтганда, бугун ҳеч бир мурожаат шунчаки қоғозларда қолиб кетмаяпти. Ўтказилаётган сайёр қабуллар муаммоларни аниқлаш, жойида ҳал қилиш, уларни бартараф этиш мақсадларига қаратилганлиги билан ҳам аҳамиятлидир. 


    Сирдарё вилояти адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими