Янгиликлар
ЁШЛАР - БУЮК КЕЛАЖАК БУНЁДКОРЛАРИ
Ҳар қандай давлатнинг тарихий тараққиёт йўлидан маълумки, юртнинг жадал ривожланиши, муайян ютуқларга эришиши, халқнинг фаровон бўлиши ўша давлатда ёшлар таълим-тарбияси ва келажагига бериладиган эътибор даражасига чамбарчас боғлиқ. Шу маънода, Ўзбекистонда ёшлар масаласи давлат сиёсатининг энг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Мамлакатимизда ёшларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, уларга зарур шарт-шароитлар ва имкониятларни яратиб бериш борасида мустаҳкам ҳуқуқий база яратилган ва бу тизим замон талабларига ҳамоҳанг равишда такомиллаштириб борилмоқда.
Хусусан, бугунгача парламент томонидан ёшларга оид 40 дан зиёд қонун ҳужжатлари қабул қилинган бўлиб, 30 дан ортиқ халқаро ҳуқуқий ҳужжатлар ратификация қилинган.
Муҳтарам Президентимиз Шавкат Мирзиёев томонидан айни даврда инсоният тарихидаги энг кўп ёшлар қатлами билан яшаётганимизни инобатга олган ҳолда БМТ минбарида Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш таклифи илгари сурилгани ҳам халқаро ҳамжамият томонидан илиқ қаршиланди. Ўзбекистон раҳбари бунга асос қилиб, бугун дунё миқёсида ёшларнинг сони икки миллиарддан ортиб кетгани, халқаро терроризм ва эсктремизм шиддат билан ўсиб бораётган бир пайтда ёшларга ҳимоя зарурлигини муҳим омиллар сифатида асослаб берди.
Алоҳида таъкидлаш жоиз, “2017–2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”да ҳам бу масала алоҳида ўз аксини топди. Жумладан, ёшларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган қуйидаги устувор вазифалар белгиланди:
биринчидан, жисмонан соғлом, руҳан ва ақлан ривожланган, мустақил фикрлайдиган, Ватанга содиқ, қатъий ҳаётий нуқтаи назарга эга ёшларни тарбиялаш, демократик ислоҳотларни чуқурлаштириш ва фуқаролик жамиятини ривожлантириш жараёнида уларнинг ижтимоий фаоллигини ошириш;
иккинчидан, ўрта махсус, касб-ҳунар ва олий таълим муассасалари битирувчиларини ишга жойлаштириш ҳамда хусусий тадбиркорлик соҳасига жалб этиш;
учинчидан, ёш авлоднинг ижодий ва интеллектуал салоҳиятини қўллаб-қувватлаш ва рўёбга чиқариш, болалар ва ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини шакллантириш, уларни жисмоний тарбия ва спортга кенг жалб этиш.
Албатта, “Гуруч – курмаксиз бўлмайди” деганларидек, бугунги кунда ёшларимиз орасида жиноятга қўл урганлари ҳам бор, афсуски. Бу яна бир бор ёшлар таълим тарбиясига алоҳида эътибор қаратиш лозимлигини тақозо этади.
Ички ишлар вазирлиги тақдим этган маълумотга кўра, вояга етмаганлар орасида афсуски қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, номусга тегиш, босқинчилик, талончилик, безорилик, ўғрилик, гиёҳванд моддалар истеъмол қилиш ёки сотиш билан боғлиқ оғир жиноятлар ҳам учраб туради.
Статистикага кўра, республикада вояга етмаганлар томонидан содир этилган жиноятлар сони 2018 йилда 938 тани, 2019 йилда 739 тани, 2020 йилнинг биринчи ярмида 338 тани ташкил этган.
Савол туғилади, хўш, вояга етмаганларнинг жиноят содир этишига нималар сабаб бўлмоқда?
Таҳлилларга кўра, қотиллик жиноятлари учун ҳукм қилинганлар кўп ҳолларда носоғлом муҳитда тарбия топган бўлиб чиқади. Уларнинг 20 фоизга яқини ота-онасиз, учдан бир қисми тўлиқсиз оилада (ота ёки онасиз) ўсган.
Ҳар бешинчи ҳолатда оиланинг тўлиқсизлиги ота ёки онанинг судлангани билан боғлиқ бўлмоқда. Ота ёки онанинг жиноят йўлига кириши боланинг ҳам шу йўлдан боришига туртки бўлувчи асосий омиллардан бири саналади.
Ўсмирлар жиноятчилиги кўпинча оиладаги муҳитга боғлиқ бўлади.
Психологларнинг таъкидлашича, вояга етмаганлар жиноятларининг аксарияти уларнинг ота-онадан ажралиб чиқиш жараёнида содир бўлади, яъни ўсмирларда мустақил қарор қабул қилиш жараёни бошланган даврда. Ўсмирнинг вояга етиш даври 9-12 ёш ва 12-16 ёшга бўлинади. Шу вақтда болада ўзига ишонч ва ҳурмат шакллантирилмаса, унинг орзулари ота-она томонидан қўллаб-қувватланмаса, у ўзини ҳеч нарсага қодир эмасдек ҳис қила бошлайди. Натижада бу бола дунёга нафрат билан улғайиши мумкин.
Агар оилада боланинг эҳтиёжлари ва ташвишлари билан ҳеч ким қизиқмаса, унга бепарво бўлиб, фикри эътиборга олинмаса ва унга нисбатан зўравонлик ишлатилса, у ўз шахсини бузғунчилик ва жиноят содир этиш орқали кўрсатишга ҳаракат қилади. Хуллас, болага руҳий ва тан жароҳати етказилса, у бошқаларга нисбатан шундай ҳаракат қилишдан қўрқмай қўяди.
Баъзан бир синфдан олийгоҳларга жуда камчилик ўқишга киради. Қолганларида эса жамиятга керак эканликлари тўғрисида шубҳа пайдо бўлиши мумкин. Кейин улар мардикорлик ёки шунга ўхшаш майда ишларга ўзини уради. Бунинг олдини олиш учун ота-она фарзандини илм олишга рағбатлантириши, ўқиши учун зарур шароитни яратиб бериши керак.
Шунингдек, ота-она билан ишлаш, уларга бола парвариши ва тарбиясини ўргатиш жуда муҳим. Чунки ўсмирлар жиноятчилиги кўпинча уйдаги муҳит билан боғлиқ бўлади.
Инсонда ўз хатти-ҳаракати оқибатини англаш 25 ёшдан кейин тўлиқ шаклланади.
Вояга етмаганлар орасида ҳуқуқбузарликни бартараф этиш бўйича дастурий принципларга кўра, ўсмир болалар тарбияси ва ҳимояси билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари, балки оила, ижтимоий институтлар, мактаб, маҳалла ва ёшлар ташкилотлари ҳам шуғулланиши керак.
Халқаро тадқиқотлар натижаларига кўра, болада ўз хатти-ҳаракати оқибатини билиш 25 ёшдан кейин тўлиқ ривожланади. Жиноят содир этган ўсмирларнинг 80 фоизида улар улғайгач ижобий характер шаклланиб, жиноят йўлини тарк этишган.
Ўсмирлар психологияси жуда нозик бўлиб, бу ёшдаги арзимаган ҳаракат ҳам уларнинг ким бўлиб улғайишига таъсир қилади. Ўсмирлар орасида жиноятчиликнинг кўпаймаслиги учун оиладаги муҳитни яхшилаш, ота-оналарнинг саводхон бўлиши жуда муҳим ҳисобланади.
Айниқса, муҳтарам Президентимиз томонидан 2021 йил Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили деб эълон қилинганлиги маънан етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи ёш авлодни тарбиялаш, шунингдек, аҳоли саломатлигини мустаҳкамлашга қаратилган эътиборнинг яна бир амалий ифодасир.
Муҳтарам Президентимиз ўз Мурожаатномаларида “Биз ўз олдимизга мамлакатимизда Учинчи Ренессанс пойдеворини барпо этишдек улуғ мақсадни қўйган эканмиз, бунинг учун янги Хоразмийлар, Берунийлар, Ибн Синолар, Мирзо Улуғбеклар, Навоий ва Бобурларни тарбиялаб берадиган муҳит ва шароитларни яратишимиз керак. Бунда, аввало, таълим ва тарбияни ривожлантириш, соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, илм-фан ва инновацияларни тараққий эттириш миллий ғоямизнинг асосий устунлари бўлиб, хизмат қилиши лозим” дея алоҳида таъкидладилар.
Дарҳақиқат, бу барчага катта масъулият юклайдики, бунинг учун ўз олдига қўйган катта марраларни забт этиши учун ёшларга кенг имкониятлар яратиш ва ҳар томонлама кўмак бериш зарур. Шундагина Президентимиз таъбири билан айтганда, фарзандларимиз халқимизнинг асрий орзу-умидларини рўёбга чиқарадиган буюк ва қудратли кучга айланади.
Муҳтарам Президентимиз ўз мурожаатномасида ёш авлодга боғча, мактаб ва олийгоҳда сифатли таълим-тарбия беришни йўлга қўйиш, уларнинг жисмоний ва маънавий соғлом, ватанпарвар инсонлар бўлиб улғайиши учун барча куч ва имкониятлар сафарбар этиш, ёшларни замонавий билим ва тажрибалар, миллий ва умумбашарий қадриятлар асосида мустақил ва мантиқий фикрлайдиган, эзгу фазилатлар эгаси бўлган инсонлар этиб вояга етказиш, ўғил-қизларимизни меҳнат бозорида талаб юқори бўлган замонавий касб-ҳунарларга ўргатиш, уларда тадбиркорлик кўникмалари ва меҳнатсеварлик фазилатларини шакллантириш ҳамда ташаббусларини рўёбга чиқариш, иш ва уй-жой билан таъминлашга устувор аҳамият қаратиш лозимлиги ҳақида алоҳида фикр билдирдилар.
Бу ёшларга қаратилган яна бир эътиборнинг амалий ифодасидир. Зеро, ёшлар келажак бунёдкори, эртанги кунимиз эгаларидир.
Шу боис, ёшлар таълим-тарбияси, уларнинг ҳаётда баркамол шахс сифатида камол топиши учун зарур шарт-шароит ва имкониятлардан кенг фойдаланиб, ёшларимизнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириб боришимиз зарур. Бу эса ўз навбатида, фарзандларимизни баркамол етук инсон бўлиб етишишларида катта роль ўйнайди.
Зотан, ёш авлодни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, маънавий етук, жисмонан соғлом, ватанпарвар ва фидойи этиб тарбиялаш, ҳуқуқ ҳамда манфаатларини ҳимоя қилишга эътибор қанча кучайтирилса, унинг самараси ҳам шунча юқори бўлади.
Сафарбой Тоғаев,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари