Янгиликлар
Диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод ватан қуришнинг муҳим шартидир
Халқимизга хос бўлган маърифатпарварлик, бағрикенглик, меҳр-мурувват, бунёдкорлик каби эзгу фазилатлар ва қадриятларимизни кенг тарғиб қилиш, жамиятда ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг ўрни ва иштирокини ошириш ҳозирги куннинг муҳим вазифаларидан биридир.
Бизга маълумки, 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясига мувофиқ қуйидагилар диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштиришнинг устувор йўналишлари этиб белгиланди:
- “Жаҳолатга қарши маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш;
- ислом ва жаҳон цивилизациясига бебаҳо ҳисса қўшган аждодларимизнинг бой маданий меросини чуқур ўрганиш асосида ёшларнинг онгу тафаккурини шакллантириш;
- динни зўравонлик ва қон тўкиш билан бир қаторга қўядиган бузғунчи ёт ғояларнинг асл моҳияти ва мақсадлари ҳақида аҳолининг, айниқса, ёшларнинг хабардорлик даражасини ошириш;
- жамиятда миллий ва диний қадриятларимизга ёт бўлган ғояларга нисбатан тоқатсизлик муҳитини шакллантириш;
- жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш;
- диний-маърифий ташкилотларнинг моддий-техника таъминотини мустаҳкамлаш, соҳа вакиллари меҳнатини муносиб рағбатлантириш ва ижтимоий ҳимоясини кучайтириш;
- глобаллашув шароитида жамиятимиздаги ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлиги ва эътиқод эркинлигига таҳдид туғдириши мумкин бўлган омилларни барвақт аниқлаш ва олдини олишга қаратилган ахборот-таҳлилий фаолиятни кучайтириш;
- диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш.
Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 16 апрелдаги “Диний-маърифий соҳа фаолиятини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5416-сонли Фармони ҳам айнан ушбу вазифалар ижросини амалга оширишга қаратилган.
Мазкур фармон ҳозирги кунда тобора дунёда авж олаётган диний экстримизм ва тероризимнинг асл мақсадини ҳамда муқаддас динимизнинг туб моҳиятини халқимизга етказишда билдирилаётган ишончнинг юксак намунасидир.
Шу ўринда айтиш мумкинки, мазкур фармонга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита тузилмасида 15 та штат бирлигидан иборат Диний-ижтимоий жараёнларни ўрганиш ахборот-таҳлил маркази ташкил этилди.
Марказ Дин ишлари бўйича қўмитанинг диний мавзуларга оид адабиётлар, Интернет ва оммавий ахборот воситалари материалларини чуқур таҳлил қилиш, диний-ижтимоий муҳитнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш юзасидан фаолиятни амалга оширади.
Фармонда белгиланган вазифалар ижроси доирасида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги, Ўзбекистон мусулмонлари идорасининг Ўзбекистон ислом академияси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Тошкент ислом университети негизида Ўзбекистон халқаро ислом академияси ташкил этилди. Мазкур академия Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита муассислигидаги Қуръон илмлари, ҳадис, ислом ҳуқуқи, ақида, тасаввуф, ислом иқтисодиёти ва молияси, халқаро муносабатлар, хорижий тиллар (араб, форс, инглиз, рус, урду, турк ва б.) ва бошқа халқаро миқёсда эҳтиёж мавжуд бўлган соҳалар бўйича малакали кадрларни тайёрлашга, ўрта махсус, олий таълим, олий таълимдан кейинги таълим, малака ошириш босқичларида узлуксиз таълимнинг яхлит тизимини ташкил этишга ва илмий меросни чуқур тадқиқ қилиш ва асраб-авайлашга, диний ва дунёвий билим беришга ихтисослашган етакчи таълим ва илмий-тадқиқот муассасаси ҳисобланади.
Ислом академияси битирувчиларига умумтаълим мактаблари, ўрта махсус ва олий таълим муассасаларида соҳага тегишли фанлар бўйича педагогик фаолият билан шуғулланиш ҳуқуқи ҳам берилди.
Бундан ташқари, фармонга мувофиқ Дин ишлари бўйича қўмита, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ва Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказининг олий диний-маърифий таълим муассасаси шаклидаги Ҳадис илми мактаби, Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги Муқаддас қадамжоларни сақлаш ва обод этиш мақсадида Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузурида “Вақф” хайрия жамоат фонди ташкил этилди.
Шунингдек, масжидлар ва диний таълим муассасаларини биноларини қуриш тарихий-меъморий аҳамиятга эга зиёратгоҳларни сақлаш, таъмирлаш, ободонлаштириш, уларнинг инфратузилмасини янада ривожлантириш, диний таълим соҳасини молиялаштириш, соҳадаги кадрларни моддий ижтимоий қўллаб-қувватлаш ҳамда Мусулмонлар идораси тизимидаги уй-жойга муҳтож ходимларни хизмат уй-жойлари билан таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилмоқдаки, бу соҳа ривожида муҳим омил бўлмоқда.
Диний бағрикенглик ўзбек халқи маънавияти ва маданиятининг ажралмас қисми ҳисобланади.
Бу, айни пайтда Ўзбекистоннинг барча соҳадаги ислоҳотларида ҳам ўз аксини топган. Хусусан, “2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси”нинг бешинчи йўналиши айнан диний бағрикенглик ва миллатлараро тотувликни таъминлаш масаласига бағишлангани мамлакат Президенти ва ҳукуматининг халқаро ҳужжатларда белгиланган умуминсоний вазифаларга қаратаётган юксак эътиборининг намунаси ҳамдир.
Хулоса ўринда айтганда, жамият тараққиёти ва фаровонлиги миллатлараро, динлараро ўзаро бағрикенглик ва тотувлик ҳамиша муҳим аҳамият касб этади. Ҳозирда эзгулик ва тинчлик-осойишталик омили бўлган диний бағрикенглик тамойилларини янада мустаҳкамлаш ва ривожлантириш ғояси эзгулик йўлида нафақат диндорлар, балки жамиятнинг барча аъзолари ҳамкорлигини назарда тутади. Зотан, диний бағрикенглик тинчлик ва барқарорликни мустаҳкамлаш, озод ва обод ватан қуришнинг муҳим шартидир.
Қобилжон Аҳмаджонов,
Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бўлим бошлиғи