Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

19

ТАДБИРКОР АЁЛЛАР САФИ КЕНГАЙМОҚДА


Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бошқармаси тасарруфидаги Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида Вилоят Адлия бошқармаси ҳамкорлигида "Адлия тадбиркорга дўст" лойиҳаси доирасида семинар ташкил қилинди. Мазкур тадбирда Вилоят божхона бошқармаси, тижорат банклари ходимлари, “Тадбиркор аёл” ассоциацияси, “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати, тадбиркорлар ва ОАВ вакиллари иштирок этди.

Тадбирни ушбу марказда ташкил қилишда ўзига хос маъно бор. Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтириш ва тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлашга оид чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ижроси доирасида Сирдарё вилояти хотин-қизлар тадбиркорлик маркази нодавлат нотижорат ташкилот сифатида  адлия бошқармасида давлат рўйхатидан ўтказилди.

Ушбу марказнинг асосий мақсади хотин-қизларнинг тадбиркорлик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш, бандлигини таъминлаш, мамлакатда амалга оширилаётган иқтисодий ислоҳотларда иштирокини янада фаоллаштириш, хотин – қизларда тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга кўмаклашишдан иборатдир.

- Бугунги кунга қадар 550 нафардан зиёд хотин-қизлар ўз тадбиркорлигини йўлга қўйиш истагида Хотин-қизлар тадбиркорлик марказида махсус ўқув курсларини тамомладилар. Тингловчиларга тикувчилик, сартарошлик, пазандачилик, иссиқхона билан ишлаш, компьютер саводхонлиги йўналишлари бўйича малакали мутахассислар ҳамда Гулистон давлат университетининг ўқитувчилари томонидан машғулотлар ўтилди, - дейди Вилоят хотин-қизлар тадбиркорлик маркази директори Мўътабар Усмонова
Тадбирда дастлаб тингловчилар учун “Ҳуқуқий ахборот соати” ташкил қилинди. Адлия бошқармаси масъул ходими Бобур Норбоев томонидан тадбиркор хотин-қизларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, улар учун яратилган имтиёзлар, шунингдек товар белгиларининг тадбиркорлик фаолиятидаги ўрни ва самараси тўғрисида, Божхона бошқармаси бош инспектори Анвар Карабаев томонидан импорт товарларни божхона назоратидан ўтказиш тартиби тўғрисида, банк ходимлари томонидан тадбиркорлик фаолиятини бошлаш учун кредит олиш тартиби тўғрисида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Шундан сўнг барча йўналишлар бўйича маҳорат дарслари ўтказилди.
Тадбир давомида тадбиркор аёлларнинг фаолияти билан танишилди, улар томонидан ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар кўргазмаси намойиш қилинди.
Семинар ниҳоясида бўлажак тадбиркорларга илк тадбиркорлик фаолиятини бошлаш, тажрибали тадбиркорлар билан тажриба алмашиш ҳамда ўқув курсларини тугатган аёлларга сертификатлар тақдим этилди.

Ҳа, вилоятимизда тадбиркор аёллар сафи янада кенгаймоқда. Бу эзгу ҳаракатлар иқтисодиётимиз тараққиёти, дастурхонларимиз тўкинлиги, халқимиз турмуш фаровонлигини ошириш учун хизмат қилади.


Дилноз Умурзоқова,

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими етакчи маслаҳатчиси