Янгиликлар
"Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга" шиори остидаги хайрли ташаббус изчил давом эттирилмоқда
Жорий йилнинг 27 ноябрь куни Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Н. Қаршибоев, “Мадад” ҳуқуқий маслаҳат бюроси бош мутахассиси А.Артиков, “Маънавият” МФЙ раиси Б.Райимов иштирокида “Темир дафтар” рўйхатида турган оилалар билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг яшаш ва ҳаёт тарзи, мавжуд муаммолари ўрганилди, уларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
“Маънавият” маҳалласи, “Махтумқули” кўчаси 8-уйда яшовчи Дилбар Юсупова боқувчисини йўқотган. Унинг синглиси ва куёви ҳам барвақт ҳаётдан кўз юмди. Дилбар Юсупова синглисининг 2 нафар вояга фарзандини ўз қарамоғига олиб ота-онасининг ўрнини тўлдиришга ҳаракат қилмоқда. Бироқ, болалар тарбияси, оила эҳтиёжи учун моддий ёрдам зарур. Дилбар Юсупованинг ушбу мурожаати ўрганилиб, моддий ёрдам ажратиш чоралари кўриладиган бўлди.
Машҳура Тошматова “Маҳтумқули” кўчаси 26-уйда яшайди. Турмуш ўртоғи 2-гуруҳ ногирони, қарамоғида 4 нафар вояга етмаган фарзанди бор. У ишчи гуруҳдан моддий ёрдам олишда амалий ёрдам сўради. Мурожаатчининг ижтимоий кўмакка муҳтожлиги инобатга олиниб, моддий ёрдам бериш борасида тегишли ҳужжатларни расмийлаштириш МФЙ раиси Б.Раимовга топширилди ва ижроси назоратга олинди.
Уйма-уй юриш жараёнида “Эзгулик” кўчасида истиқомат қилаётган фуқаро Мавжуда Турсунқулованинг ҳам талайгина муаммолари борлиги маълум бўлди. У соғлиғини тиклашда амалий ёрдам сўради. Бўйрак етишмовчилиги касаллигидан азият чекиб келаётганлиги, дори-дармонга муҳтожлиги бир томон бўлса, уй-жойининг таъмирталаб аҳволда эканлиги бир томон. Ушбу оилада чиндан ҳам муаммолар бисёр эканлиги инобатга олиниб, мурожаат Гулистон шаҳар ҳокимлигига кўриб чиқиш учун юборилди, шунингдек соғлиқни сақлаш бўлимидан дори-дармон масаласида амалий ёрдам сўралди.
“Эзгулик кўчаси” 97/2 уйда истиқомат қилаётган Екатерина Березовская уй-жойга муҳтож. У бу борада шаҳар ҳокимлигида рўйхатда ҳам туради. Фуқарога бошланғич бадал тўланса, арзон уй-жой ажратилиши юзасидан зарур ҳуқуқий маслаҳатлар берилди.
"Бепул ҳуқуқий маслаҳат билан ҳар бир уйга" шиори остидаги хайрли ташаббус Сирдарё вилоятида изчил давом эттирилмоқда.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими