Янгиликлар
Адлия кўмаги билан Мирзаобод тумани “Наврўз” МФЙнинг “Баҳор” ва “Сайқал” кўчаларига янги электр симёғочлари ўрнатилди.
Сайёр қабуллар мурожаатлар билан ишлаш, аҳолини қийнаб келаётган муаммоларга ечим топишнинг муҳим ҳуқуқий механизми сифатида юқори самара бермоқда. Хабарингиз бор, жорий йилнинг 13 ноябрь куни Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Жамшидхон Нуритдинов Мирзаобод туманида фуқаролар учун сайёр қабул ўтказган эди. Сайёр қабулда “Наврўз” МФЙда истиқомат қилаётган бир гуруҳ фуқаролар ёғин-сочинли кунлар бошланганлиги, маҳалла кўчаларига асфальт ётқазиш тугул, ҳатто тош ҳам тўктирилмаганлиги, оқибатда лойдан маҳалла кўчаларида юриб бўлмаётганлиги, боз устига электр симёғочлар яроқсиз ҳолатга келиб қолганлиги тўғрисида мурожаат қилишиб, уни янгисига алмаштиришда ёрдам сўраган эдилар.
Фуқароларнинг ушбу мурожаатлари адлия эътиборидан четда қолмади. Бугун Мирзаобод тумани “Наврўз” МФЙнинг “Баҳор” ва “Сайқал” кўчаларига янги электр симёғочлари ўрнатилди.
Тасвирларда кўриб турганингиздек кўчалар ҳали лой, бироқ ушбу муаммонинг ҳам ҳал қилиш чоралари кўрилади. Энг муҳими, маҳалла кўчалари энди ёруғ ва чароғон.
- Мурожаатимизни ижобий ҳал қилиб, кўчаларимизга янги электр симёғочлари ўрнатиб кетишди. Тўғриси, бу жуда катта савоб иш. Чунки электр тармоғидаги тез-тез узилишлар сабаб бироз қийналиб қолган эдик, -дейди фуқаро Д.Жўраева.
Дарҳақиқат, аҳоли муаммоларини ҳал этиш, турмуш шароити ва ҳаёт сифатини яхшилаш бугун давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан биридир. Адлия органлари ҳам ана шу эзгу мақсад йўлида хизмат қилмоқда.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими