Янгиликлар
Бепул ҳуқуқий маслаҳат бериш тадбирлари давом этмоқда
Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи Н. Қаршибоев, “Мадад” ҳуқуқий маслаҳат бюроси маслаҳатчиси А.Артиков “Обод-юрт” маҳалла раиси Н.Худоёров, “Шодлик” МФЙ раиси ўринбосари О.Эсиргапов иштирокида мазкур маҳаллалардаги “Темир дафтар”га киритилган ишсиз ёшлар ва аёллар билан учрашувлар ўтказилиб, уларнинг яшаш тарзи, мавжуд муаммолари ўрганилди, уларга бепул ҳуқуқий маслаҳатлар берилиши таъминланди.
Жумладан, “Обод-юрт” маҳалласидан фуқаролар Ольга Жимарцева, Диляра Муратова, Анна Вардазанян, Гульбаҳор Қурбонова билан суҳбат ўтказилганда, улар “Гулистон экстракт ёғ” АЖ га қарашли ётоқхонада истиқомат қилишларини, бу ерда яшаш учун шароит яхши эмаслигини маълум қилишиб, ётоқхонанинг канализация трубаларини, сув таъминоти билан боғлиқ асбоб ускуналарни алмаштиришда ёрдам сўрадилар. Ушбу мурожаатга ишчи гуруҳ томонидан зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Мафтуна Холматова анчадан буён ишсиз. У бандликка кўмаклашувчи марказда рўйхатда туради. Фуқаро Норинисо Бектошева қизини иш билан таъминлашда ёрдам беришларини сўради. Мазкур мурожаат бўлим иш юритувига олинди.
Нилуфар Ражабова “Обод юрт” маҳалласидаги кўп қаватли уйларнинг бирида вақтинча истиқомат қилади. У уч нафар вояга етмаган фарзанди билан уй-жойга муҳтож, боз устига ишсиз ҳам. Мулоқот жараёнида фуқарони иш билан таъминлаш ҳамда уй-жой олиш учун навбатга қўйиш чоралари кўрилиши маълум қилиниб, бу борада зарур ҳуқуқий тушунтиришлар берилди.
Назар Қаршибоев,
Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи