Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

17

Уй-жойлар қуръа ташлаш йўли билан адолатли тақсимланмоқда


2020 йил 1 май куни Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омборида тўғон ўпирилиши содир бўлди.  Сув тошқини натижасида Сардоба, Оқолтин ва Мирзаобод туманларидаги аҳоли пунктлари ва экинларга зарар етди. Бинолар, йўллар, коммуникациялар вайрон бўлди. Учта тумандаги минглаб аҳоли эвакуация қилинди. Бу офат халқни янада бирлаштирди, қаерлик бўлишидан, кимлигидан қатъи назар барча бирдек ёрдамга шошилди.

Ўз навбатида Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги томонидан эълон қилинган “Салом Сардоба, биз биргамиз!” акцияси доирасида ҳамкор ташкилотлар билан биргаликда сув тошқинидан азият чекканларга гуманитар ёрдамлар юборилди. Тошқиндан талофат кўрган ватандошларимизнинг ижтимоий муҳофазаси бугун давлат сиёсати даражасига кўтарилди. 

Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 1 майдаги Ф-5569-сон “Сирдарё вилоятида жойлашган “Сардоба сув омбори” тўғонида юзага келган фавқулодда ҳодиса оқибатларини бартараф этиш бўйича кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида”ги Фармойишига асосан Сирдарё вилоятидаги “Сардоба сув омбори” тўғонидан сув тошиши оқибатларини бартараф этиш ва ҳодиса сабабларини ўрганиш бўйича Ҳукумат комиссияси таркиби тасдиқланди.

Бундан ташқари, 2020 йил октябрь ойида бўлиб ўтган Бош вазир А.Арипов бошчилигидаги Ҳукумат йиғилиши баёнига асосан Сирдарё вилоятининг Мирзаобод, Оқолтин ва Сардоба туманларида янги қурилган кўп квартирали уйлардан фойдаланиш ҳамда уларни доим соз ҳолатда сақлаш, иш ўринларини яратиш юзасидан аҳоли ўртасида ташвиқот ва тарғибот тадбирларини тизимли ташкил этилишини таъминлаш бўйича Ишчи гуруҳлар тасдиқланди.
Жумладан, Мирзаобод тумани “Янги Ўзбекистон”, “Навбаҳор” маҳаллалари ҳамда Сардоба тумани “Дўстлик” маҳалласида барпо этилган кўп қаватли уйларни тақсимлаш ва аҳолининг кўчиб киришини ташкил этиш бўйича 3 та кичик ишчи гуруҳлар таркиби тасдиқланиб, ишчи гуруҳларга Адлия вазирининг тегишли ўринбосарлари раҳбар этиб белгиланди. Ушбу ишчи гуруҳларга тегишли туман ҳокимлари, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутатлари ва бошқа мутасадди идоралар вакиллари ҳам бириктирилди.
   Сирдарё вилоят ҳокими ҳамда туманлар Халқ депутатлари Кенгашлари томонидан тасдиқланган “Сардоба сув омбори” тўғонидан сув тошиши натижасида жабр кўрган оилалар учун 2020 йил давомида қурилган кўп квартирали уй-жойларни топшириш тартибига асосан сув тошқинидан талофат кўрган оилалар рўйхати асосида тегишли ҳужжатлар ва талофат кўрган жойлар тўлиқ ўрганилиб, ушбу уй-жойлар қуръа ташлаш йўли билан ўз эгаларига тақсимланиши таъминланмоқда.
Қуръа ташлаш жараёнининг очиқлик, шаффофлик тамойилларига асосан ўтказилаётганлиги бу борада адолатли ёндашув бўлди.

Хулоса ўрнида айтганда, тошқиндан зарар кўрган юртдошларимиз энди янги, замонавий қиёфа касб этган, барча шароитларга эга шинам уй-жойларда фарзандлари, оила аъзолари билан бахтиёр ҳаёт кечирадилар. Бу эзгу саъй-ҳаракатлар миллатимизга хос бағрикенглик ва инсонпарварликнинг яна бир амалий намунасидир. 

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси