Янгиликлар
14
АДЛИЯ БОШҚАРМАСИ БОШЛИҒИ ЖАМШИДХОН НУРИТДИНОВ МИРЗАОБОД ТУМАНИДА ФУҚАРОЛАР УЧУН САЙЁР ҚАБУЛ ЎТКАЗДИ
Мирзаобод тумани Халқ қабулхонаси биносида Сирдарё вилояти адлия бошқармаси бошлиғи Ж.Нуритдинов, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Мирзаобод туманидаги Халқ қабулхонаси мудири Т.Сагатов, мутасадди ташкилотлар масъул ходимларидан иборат ишчи гуруҳи иштирокида туман аҳолиси муаммоларини ўрганиш мақсадида сайёр қабул ўтказилди.
Сайёр қабулда 20 нафардан зиёд фуқаролардан мурожаатлар келиб тушди. Ишга жойлаштириш, кредит олиш, коммунал соҳа ва бошқа масалаларда қилинган 9 та мурожаат юзасидан жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди, 7 та мурожаат тегишли ташкилотларга юборилиб, ижроси назоратга олинди, 7 та мурожаат Адлия бошқармасининг иш юритувига қабул қилинди.
Мурожаатчиларнинг асосий қисмини Сардоба сув тошқинидан азият чеккан фуқаролар ташкил қилди. Уларнинг уй-жой билан таъминлаш масаласидаги мурожаатлари Олий Мажлис Қонунчилик палатаси, вилоят, туман Кенгаши депутатларининг жорий йил 16 ноябрда бўлиб ўтадиган сессиясида кўриб чиқилиши тушунтирилди.
Мен “Наврўз” МФЙ, “Дўстлик” кўчасида истиқомат қиламан. Сайёр қабулга маҳалладошларим номидан алоҳида мурожаат билан чиқдим. Ёғин-сочин кунлар ҳам бошланди. Маҳалламиз кўчаларида юриб бўлмаяпти, катталар ишга, фарзандларимиз мактабга боришга қийналади. Кўчага тош тўктиришда, яроқсиз ҳолатга келиб қолган электр симёғочларни янгисига алмаштиришда ёрдам сўраб келдим, - дейди мурожаатчи Каромат Эрназарова.
Сайёр қабул давомида фуқароларнинг шу каби дарду ташвишлари эшитилди ҳамда вақт ва ўрганиш талаб этиладиганлари ижроси бўйича мутасадди идора ва ташкилотларга тегишли топшириқлар берилди.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими