Янгиликлар
“Коррупция - тараққиёт кушандаси” умуммилий иншолар танловининг вилоят босқичи ўтказилди.
Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлиги, Бош прокуратура, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ёшлар иттифоқининг “Ёшларда коррупция ва бошқа ҳуқуқбузарликларга қарши муросасизлик туйғусини шакллантиришга қаратилган иншолар танловини ўтказиш тўғрисида”ги қўшма қарорига асосан ҳар йили анъанавий тарзда уч босқичли “Коррупция - тараққиёт кушандаси” умуммилий иншолар танлови ўтказиб келинади. Мазкур танловнинг ҳудудий босқичи 2-7 ноябрь кунлари юқори савияда ташкил қилиниб, унда 1000 дан ортиқ ўқувчилар иштирок этишди. Шулардан 33 нафар ғолиблар сараланиб, танловнинг вилоят босқичида қатнашиш ҳуқуқига эга бўлган эди. Гулистон шаҳрида мазкур танловнинг вилоят босқичи бўлиб ўтди.
Унда умумтаълим мактаблари, академик лицей ва касб-ҳунар коллежлари, юридик техникум ўқувчилари иштирок этишди. Олий ўқув юрти талабалари учун эса иншолар танлови онлайн тарзда ташкил қилинди.
Ёшлар коррупция ҳақидаги тушунчаларини содда, аниқ ва лўнда қилиб, ёшларга хос дунёқараш билан таърифлаб беришди. Ижодий ишларда коррупцияга қарши курашда, унинг олдини олишда нималарга эътибор қаратиш ҳақидаги фикр-мулоҳазалар ўз ифодасини топди.
Натижаларга кўра 1-ўринга Гулистон шаҳридаги 12-мактабнинг 9-синф ўқувчиси Гулнора Раимбердиева, 2-ўринга Гулистон шаҳридаги 17-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Чарос Тўрақулова ва 3-ўринга Сирдарё туманидаги 20-мактабнинг 11-синф ўқувчиси Умида Ҳалимова муносиб деб топилиб, танловнинг республика босқичида иштирок этиш ҳуқуқига эга бўлишди. Ғолиблар вилоят Адлия бошқармасининг фахрий ёрлиқ ва совғалари билан тақдирландилар.
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими