Янгиликлар
СЎРАГАН ЭДИНГИЗ...
Савол: Эр ва хотиннинг умумий мулки неганда қандай мулклар тушунилади, шу ҳақида ҳуқуқий тушунча берсангиз?
Д.Абдураҳманова, Сайхунобод тумани
Жавоб: Ўзбекистон Республикаси Оила Кодекснинг 23-моддасига мувофиқ, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари, шунингдек никоҳ қайд этилгунга қадар, бўлажак эр-хотиннинг умумий маблағлари ҳисобига олинган мол-мулклари, агар қонун ёки никоҳ шартномасида бошқача ҳол кўрсатилмаган бўлса, уларнинг биргаликдаги умумий мулки ҳисобланади.
Шунингдек, эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган мол-мулклари жумласига (эр ва хотиннинг умумий мол-мулкига) эр ва хотин ҳар бирининг меҳнат фаолиятидан, тадбиркорлик фаолиятидан ва интеллектуал фаолият натижаларидан орттирган даромадлари, улар томонидан олинган пенсиялар, нафақалар, шунингдек махсус мақсадга мўлжалланмаган бошқа пул тўловлари (моддий ёрдам суммаси, майиб бўлиш ёки саломатлигига бошқача зарар етказиш оқибатида меҳнат қобилиятини йўқотганлик муносабати билан етказилган зарарни қоплаш тарзида тўланган суммалар ва бошқалар) киради.
Бундан ташқари, эр ва хотиннинг умумий даромадлари ҳисобига олинган кўчар ва кўчмас ашёлар, қимматли қоғозлари, пайлари, омонатлари, кредит муассасаларига ёки бошқа тижорат ташкилотларига киритилган капиталдаги улушлари ҳамда эр ва хотиннинг никоҳ давомида орттирган бошқа ҳар қандай мол-мулклари, улар эр ёки хотиндан бирининг номига расмийлаштирилган ёхуд пул маблағлари кимнинг номига ёки эр ва хотиннинг қайси бири томонидан киритилган бўлишидан қатъи назар, улар ҳам эр ва хотиннинг умумий мол-мулки ҳисобланади.
Хусусан, эр ва хотиндан бири уй-рўзғор ишларини юритиш, болаларни парвариш қилиш билан банд бўлган ёки бошқа узрли сабабларга кўра мустақил иш ҳақи ва бошқа даромадга эга бўлмаган тақдирда ҳам эр ва хотин умумий мол-мулкка нисбатан тенг ҳуқуққа эга бўлиши мазкур Кодексда белгилаб қўйилган.
Худди шундай, фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги аъзоларининг биргаликдаги мулки бўлган мол-мулкка нисбатан эр ва хотиннинг эгалик қилиш, фойдаланиш ва тасарруф этиш ҳуқуқлари фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалиги тўғрисидаги қонунларда белгиланади. Фермер хўжалиги ва деҳқон хўжалигининг мол-мулкини бўлиш Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг223 ва 225-моддаларида назарда тутилган қоидалар асосида амалга оширилади.
Саволга Сайхунобод туман адлия бўлими бош маслаҳатчиси Фарҳод Сидиков жавоб берди.