Янгиликлар
29
Қандай ҳолларда автомототранспорт воситасини бошқариш ва тасурруф қилиш ҳуқуқини берувчи ишончномани ишончнома берган шахс томонидан бекор қилиниши мумкин?
2020 йил сентябрь ойида автомашинани ўзининг номига расмийлаштираман деб нотариусга мурожаат қилса, нотариус унинг қўлидаги ишончномани нотариус базасидан текшириб кўриб, автомашина олди-сотди шартномасини тасдиқлашни рад қилган.
- Нега? - деб сўраса, сизнинг ишончномангиз ишончнома берган шахс томонидан бекор қилинганлигини айтган. Фуқаро эътиро билдириб, мен машинанинг пулини тўлиқ тўлаганманку деса, нотариус, билмадим автомашинангизни ДАН базасидан текширдик, 2 та тезликни оширганлик учун жаримангиз бор экан, балки сиз ушбу жарималарни тўламаганингиз учун автомашина эгаси уйига МИБдан хат борган бўлса, шунга бекор қилган бўлиши мумкин, деган. Энди мен нима қилишим керак, ишончнома берган шахс ишончномани мени розилигимсиз бекор қилиши мумкинми? Шу иш қонунийми деб сўраб қолди.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 141-моддасига кўра ишончнома қуйидаги ҳолларда бекор бўлади:
1) Ишончнома муддатининг тамом бўлиши;
2) Ишончнома берган шахснинг уни бекор қилиши;
3) Ишончнома берилган шахснинг бош тортиши ва ҳоказолар.
Ушбу моддага кўра ишончнома берган шахс истаган вақтда ишончномани бекор қилиши, ишончнома берилган шахс эса ундан воз кечиши мумкин. Бу ҳуқуқдан воз кечиш ҳақидаги битим ҳақиқий эмас.
Ушбу кодекснинг 142-моддасига кўра ишончнома берган шахс унинг бекор бўлганлиги ҳақида ишончнома олган шахсни, шунингдек, ишончнома қаратилган ўзига маълум учунчи шахсларни ҳам хабардор қилиш шартлиги белгилаб қўйилган.
Бугунги кунда фуқароларимизнинг даромади ошиб, ҳар бир фуқаро автомашина сотиб олиш учун ҳаракат қилиб юрибди. Ҳозирда содда ҳалқимиз орасида “генералный доверенность” деган тушунча кенг тарқалган. Уни тушунган инсон тушунади. Тушунмаганлар автомашина сотиб олиб, уч йилга “генералный доверенность”, яъни автомашинани тасарруф қилиш ҳуқуқи билан берилган ишончномани олиб, автомашина энди меники бўлди, энди ҳеч ким мендан автомашинани тортиб ололмайди деб ўйлашади. Ваҳоланки, ушбу ишончномада фақатгина мулкдорнинг автомашинани тасарруф қилиш (сотиш) ҳуқуқигина вақтинча ишончли вакилга берилган бўлади.
Ҳозирги кунда ушбу ишончномани расмийлаштириш урфга айланганлиги, сотиб олувчининг нотариуслар томонидан нега автомашинани олди-сотди шартномаси асосида ўзларининг номига расмийлаштирмаётганлиги юзасидан берилган саволларга улар автомашина олди-сотди шартномасини тегишли ИИБ ДЙХХБ органларидан рўйхатдан ўтказишга пуллари йўқлигини важ қилишлари, бу эса автомашинани сотиб олганга мулк ҳуқуқини бермаслигини тушунишмайди.
Бу эса, сотувчи ва сотиб олувчи ўртасида турли хил низолар кўпайиб кетганлиги сабабли судларда ушбу низолар билан боғлиқ ишларнинг ҳажми ортишига замин яратмоқда. Шу боисдан ҳам фуқароларимизга ҳуқуқшунос сифатида, иккиламчи бозордан автомототранспорт воситаси харид қилганингизда автотранспорт воситаси пулини нотариус ҳузурида санаб бериб, уни олди-сотди шартномаси асосида ўзингизнинг номингизга расмийлаштириб олсангиз юқоридаги каби кунгилсизликлар келиб чиқмайди, деб маслаҳат берган бўлардим.
Нурбек Эгамбердиев
Сирдарё вилояти Мирзаобод туманида хусусий амалиёт
билан шуғулланувчи нотариус