Янгиликлар
“Очиқ адлия” принципида фаолият олиб бормоқдамиз
“Очиқ адлия” принципи доирасида Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматларнинг фаолиятини мувофиқлаштириш бўлими томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида амалга оширилган ишлар сарҳисоб қилинди.
Бошқарма ва унинг тизимидаги туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жами 41 та норматив тусдаги қарорлари лойиҳалари (шундан 11 таси халқ депутатлари Кенгашларининг қарорлари лойиҳалари) ҳуқуқий экспертизадан ўтказилди.
Шундан, 4 та қарор лойиҳаси белгиланган талабларга риоя қилинмай тақдим қилинганлиги сабабли, ҳуқуқий экспертизадан қайта ўтказилди.
Шунингдек, маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг жами 32 та норматив тусдаги қарорлари давлат ҳисобига олинди.
Адлия бошқармаси ва туман (шаҳар) адлия бўлимлари томонидан жорий йилнинг ўтган даврида ҳокимларга жами 29 та ҳамда давлат органлари ва ташкилотларининг вилоят ҳамда туманлар (шаҳарлар) тузилмаларига 42 та қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни қўллаш масалалари бўйича маслаҳатлар берилди.
Бошқарма томонидан жорий йилнинг ўтган даврида амалдаги қонун ҳужжатларини такомиллаштириш юзасидан 9 та таклифлар ишлаб чиқилди.
Ҳозирги вақтда, юридик хизматлар фаолиятини мувофиқлаштириш, вакант штат бирликларини малакали кадрлар билан тўлдириш чоралари кўриб борилмоқда.
Жумладан, вилоятда 173 та давлат органлари ва ташкилотларида юридик хизмат штат бирликлари мавжуд бўлиб, шундан 165 та давлат органлари ва ташкилотлари юридик хизмат ходими билан таъминланган. Юридик хизмат ходимларининг барчаси олий маълумотли. Қолган 8 та давлат органи ва ташкилотларида юридик хизмат лавозими вакант бўлиб, ушбу вакант ўринларни тўлдириш чоралари кўрилмоқда.
2020 йилнинг ўтган даврида жами 31 нафар юридик хизмат ходимлари Адлия вазирлиги ҳузуридаги Юристлар малакасини ошириш марказида ўз малакаларини оширишди.
Шунингдек, ушбу даврда 13 нафар юридик хизмат ходимлари адлия бошқармасининг тегишли комиссиясида аттестациядан ўтиб, тегишли юридик хизмат фаолияти билан шуғулланиш гувоҳномаларига эга бўлишди.
2020 йилда адлия бошқармасига 41 нафар юридик хизмат ходимлари лавозимга тайинлашга келишиш бўйича ҳужжатлар топширган бўлиб, бошқарма ҳузуридаги комиссия томонидан улар билан лавозимга тайинлаш бўйича суҳбат ўтказилиб, натижасига кўра 36 нафар ходим бўйича розилик берилди ҳамда 5 нафар номзод суҳбатдан ўтмаган деб топилди.
Юридик хизмат соҳасида биринчи марта ўз фаолиятини бошлаган жами 8 нафар юридик хизмат ходимлари белгиланган тартибда вилоят адлия бошқармасида стажировкани ўтадилар.
Адлия вазирининг тегишли буйруқлари асосида ҳисобот даврида
28 нафар юридик хизмат ходимларига турли даражадаги махсус унвон - мартаба даражалари берилди.
Бошқарма томонидан ҳудуддаги давлат органлари ва ташкилотларининг юридик хизмат фаолияти ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг юридик хизмат ва норма ижодкорлиги фаолияти доимий равишда ўрганиш ва мониторинг қилиб келинмоқда.
Жумладан, ўтган даврда ўтказилган ўрганиш ва мониторингларда жами 195 та, шундан норма ижодкорлиги соҳасида 82 та, юридик хизмат соҳасида 113 та қонун бузилишлар ҳолатлари аниқланиб, йўл қўйилган қонун бузилиш ҳолатлари юзасидан давлат органлари ва ташкилотларига аниқланган қонунбузилишларни бартараф этиш юзасидан 13 та тақдимнома ва 75 та огоҳномалар киритилиб, 2 та ноқонуний қарор (буйруқ) бекор қилинди, 5 нафар масъулларга нисбатан интизомий жазо чоралари қўлланилиб, шундан 2 нафари “Хайфсан” интизмий жазо чораси олди, 3 нафари эгаллаб турган лавозимидан озод этилди.
Ҳозирги вақтда, фуқаролар турли масалалар бўйича бошқарма ва унинг тизимидаги туман (шаҳар) адлия бўлимлари мутахассисларига мурожаат этишиб ўзларига керакли ҳуқуқий маслаҳатларни олишмоқда.
Бўлим томонидан ҳисобот даврида юридик хизмат фаолиятига дахлдор 10 та мурожаат кўриб чиқилган бўлиб, уларнинг 7 таси қаноатлантирилган, 3 та мурожаат бўйича ҳуқуқий тушунтириш берилган.
Аҳолининг ҳуқуқий онги ва маданиятини ошириш, янги қабул қилинган қонун ҳужжатлари мазмун-моҳияти ва аҳамиятини аҳоли ва ижрочиларга етказиш мақсадида 2020 йилнинг ўтган даврида 6 маротаба телевидениеда, 2 маротаба маҳаллий газетада, 4 маротаба радиода, 6 маротаба веб-сайтда ва 26 маротаба ижтимоий тармоқларда бевосита чиқишлар қилинди.
Шунингдек, бўлим томонидан туман (шаҳар) адлия бўлимлари учун ҳуқуқий экспертиза ва юридик хизматни яхшилашга доир тавсиялар ишлаб чиқиб, етказиб келинмоқда.
Бир сўз билан айтганда, биз “Очиқ адлия” принципида очиқ ва шаффоф фаолият олиб бормоқдамиз. Бу коррупциянинг олдини олиш, адлия органларининг халқ олдида бурч ва масъулиятини янада оширишда муҳим омилдир.
Даврон Бурхонов,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий
экспертиза ва юридик хизматлар фаолиятини
мувофиқлаштириш бўлими бошлиғи