Янгиликлар
“ОЧИҚ АДЛИЯ” ДАСТУРИ: БОЁВУТ ТУМАН АДЛИЯ БЎЛИМИ МИСОЛИДА
“Очиқ адлия” дастури адлия органлари фаолияти ҳақида кенг жамоатчиликка муҳим ахборотлар бериш, уларнинг ҳуқуқий маълумотларга бўлган эҳтиёжини таъминлашга қаратилганлиги билан аҳамиятлидир.
Мазкур дастурда белгиланган вазифалардан келиб чиқиб, Боёвут туман адлия бўлими фаолиятига алоҳида тўхталиб ўтсак.
Боёвут туман адлия бўлими томонидан давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг туман тузилмаларида 2020 йилнинг 9 ойи давомида норма ижодкорлиги, ҳуқуқни қўллаш амалиёти ва ҳуқуқий тарғибот соҳаларида бир қатор ишлара амалга оширилди. Жумладан, Боёвут тумани маҳаллий давлат ҳокимияти органларининг 4 та умуммажбурий тусдаги қарор лойиҳалари ҳуқуқий экспертизадан ўтказишлик учун тақдим этилган бўлса, уларнинг барчасига ижобий хулосалар тақдим этилди.
Туман ҳокимлигининг “Боёвут туманида 2021 йилда ижтимоий муҳофазага муҳтож, иш топишда қийналаётган ва меҳнат бозорида тенг шартларда рақобатлаша олмайдиган шахсларни ишга жойлаштириш учун иш ўринларининг энг кам сонини белгилаш ва заҳирага қўйиш тўғрисида”ги Қарори лойиҳаси шулар жумласидандир.
Бундан ташқари, туман ҳокимлигининг 700 дан ортиқ қабул қилинган қарор ва 180 дан ортиқ фармойишлари ўрганилиб, уларнинг 64 таси бекор қилинган бўлса, 37 таси қонунга мувофиқлаштирилди.
Давлат органлари ва ташкилотлари туман тузилмаларининг вакант бўлган 2 та юридик хизмат лавозимлари адлия бўлими билан келишув асосида малакали юристлар билан тўлдирилишига эришилди.
Шу билан биргаликда, туман ҳудудида фаолият юритаётган юридик хизмат ходимларининг 4 тасига мартаба даражалари берилиши таъминланди.
Шундан, 2-даражали адлия маслаҳатчиси 1 та, 3-даражали адлия маслаҳатчиси 1 та ва 3-даражали юрист 2 та.
Туман адлия бўлими томонидан 2020 йилнинг 9 ойи давомида 5 та давлат органлари ва ташкилотларининг туман тузилмаларида ўрганишлар, давлат органлари ва ташкилотларда жами 20 маротаба мониторинглар ўтказилди.
Мазкур ўтказилган ўрганиш ва мониторинглар натижасида, ижтимоий- иқтисодий соҳада 107 маротаба, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасида 54 маротаба, ҳуқуқий тарғибот ва ахборот соҳасида 5 маротаба, норма ижодкорлиги соҳасида 51 маротаба қонунбузилиш ҳолатлари аниқланган.
Бу каби мисолларни бошқа соҳалар кесимида ҳам яна ўнлаб келтириш мумкин.
Шунингдек, доимий равишда ўтказилаётган 20 та мониторинг ва 5 та таҳлиллар натижаси юзасидан 11 та маъмурий таклифлар, 43 та тақдимнома, 45 та даъво, 421 та огоҳномалар киритилди ва амалдаги қонунчиликни янада такомиллаштириш бўйича 22 та таклифлар юборилди.
Масалан, амалдаги қонунчилигимизга кўра, яъни Юридик хизмат ходимини лавозимга тайинлаш ва озод қилиш масалаларини адлия органлари билан келишиш тартиби тўғрисидаги Низомга (рўйхат рақами 2864, 2017 йил 28 февраль) асосан юристлар лавозимга тайинланишида 2 маротаба суҳбатдан ўтишига тўғри келади, яъни Адлия органларидан ва иш берувчи ташкилотдан.
Германия давлатининг “Юристлар фаолиятини тартибга солиш тўғрисида”ги Қонуни (2001 йилда қабул қилинган) ўрганилди (уларда юридик хизмат ходими қайсидир ташкилотга ишга ўтиш жараёнида адлия органлари билан келишиш жараёнида бўлиб ўтадиган комиссия суҳбатига ўша ташкилотнинг кадрлар масаласи бўйича масъул раҳбарларидан бирининг иштироки таъминланади) ва амалдаги қонунчилигимизни такомиллаштириш юзасидан таклифлар киритилди.
Киритилган таъсир чоралар натижасида масъулларнинг 16 тасини интизомий, 11 тасини эса маъмурий жавобгарликка тортишилиши таъминланди..
Жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтириш устувор вазифа саналади. Боёвут туман адлия бўлими бу борада ҳуқуқий тарғиботнинг самарали усулларидан фойдаланган ҳолда аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш борасида фаол ҳаракатда. Бўлим томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида 1237 маротаба тарғибот тадбирлари ўтказилди. Пандемия даврида тарғиботнинг онлайн тартиблари жорий этилиб, асосан, ижтимоий тармоқлар орқали қонунчиликка оид янгиликлар ва ҳаётий зарур масалалар юзасидан ҳуқуқий тушунтиришлар берилмоқда.
Хулоса ўрнида айтганда, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш, жамиятда қонун устуворлигини таъминлаш - бош мақсадимиз. Ана шу эзгу мақсад йўлида фаолиятимизни очиқлик ва шаффофлик тамойиллари асосида олиб борамиз. Бу принцип бизни халқ билан янада яқинлаштиради.
Жаҳонгир Шомирзаев,
Боёвут туман адлия бўлими бошлиғи