Янгиликлар
БЕПУЛ ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТ БИЛАН ҲАР БИР УЙГА!
- ўтган ва жорий ҳафтада 2та ишчи гуруҳ томонидан туман маҳаллаларидаги 50 ка яқин хонадонларда бўлиб, бепул ҳуқуқий маслаҳат берилди, - дейди туман адлия бўлими бошлиғи Жаҳонгир Шомирзаев. - Фуқаролар асосан кредит бериш, ишсизлик рўйхатига туриш, уй-жой сотиб олиш учун субсидия олиш тартиби, алимент ундириш, ер ажратиш каби долзарб мавзулар юзасидан саволлар берди ва уларга тўлиқ ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Аммо, шу билан бирга ечимини кутаётган муаммолар борлигини ҳам аниқладик.
Мисол учун Боёвут туман Олмазор маҳалласида яшовчи Примқулова Гулнора оиласи билан бундан 15 йил илгари маҳалладаги эски масжиднинг ўрнини ҳокимиятдан қарор чиқартириб, сотиб олишган. Эски масжидни бузиб, уй қуришган, аммо вақтида кадастр рўйхатидан ўтказишмаган. Ўша пайтдаги ҳокимга нисбатан жиноят иши очилиб, у томонидан ажратилган ерлар қайтариб олинган.
- Мана 4 йилдирки, судма суд юриб, сарсон бўляпмиз, на бир қўшимча бино қура оламиз. Ҳозирда еримиз ҳокимият балансида. Бизга ер ажратган ҳоким оқланди, аммо, қарорлари бекор қилинган бўйича қолиб кетди. Амалий кўмак беришингизни сўраймиз, - дейди Гулнора опанинг турмуш ўртоғи Одилбек Довурбоев.
- Яна битта мурожаатимиз бор. Бизга кредит керак, тадбиркорлик қилмоқчимиз. Аммо, банк томонидан ресурс йўқ, деган баҳона билан ажратилмаяпти, илтимос, ёрдам берсангиз, оёққа утриб олган бўлардик. Тўрт мучамиз бут, "Темир дафтар" да рўйхатда туриш уят бизга, - дейди Гулнора опа.
Олмазор МФЙ Тонг кўчасида истиқомат қилувчи Мадина Пайвандиева ҳам қўлида ҳунари борлиги, тикувчи экани, уйида ўтириб тикувчилик қилиш учун, бошланғич сармоя зарурлиги, кредит олишда амалий ёрдам беришни сўраб, адлия бўлимига мурожаат қилди.
Шу маҳаллада яшовчи Наргиза Умарова 2 фарзанди билан турмушидан ажралиб, ота уйида истиқомат қилаётганлиги, кам таъминланган оилалар учун қурилаётган арзон уйлардан олиш истаги бор эканини айтиб, бу борада қонунчиликда кўзда тутилган ҳужжатлар ҳақида тушунтиришни сўради. Унга жойида ҳуқуқий тушунтириш берилди.
- Оғзаки мурожаатларнинг баъзиларига жойида ҳуқуқий тушунтириш берилди, муаммоси борларини назоратга олиниб, қаноатлантириш чораси кўрилади, - дейди вилоят адлия бошқармаси бўлим бошлиғи Даврон Бурҳонов.