Янгиликлар
БЕПУЛ ҲУҚУҚИЙ МАСЛАҲАТ БИЛАН ҲАР БИР УЙГА!
Тавсирга олиш гуруҳи билан ишчи гуруҳга ҳамроҳлик қилиб, Гулистон тумани Бирлашган маҳалласида истиқомат қилаётган, "Темир дафтар"га киритилган Холжигитовлар хонадонига ташриф буюрдик. Хонадон бекаси Мамлакат Холжигитова уч йил илгари руҳий касалга чалиниб, даволаниб чиққан. 5 нафар фарзанди бор. Турмуш ўртоғи фермер хўжалиги даласида трактор ҳайдайди.
-Уй-жойимизнинг кадастр ҳужжати йўқ, бир неча марта ҳокимликка, тегишли ташкилотларга мурожаат қилдим, аммо, фойдаси бўлмади, - дейди суҳбатдошимиз. Мазкур мурожаат ишчи гуруҳи томонидан қабул қилиниб, тегишли тартибда кўриб чиқиладиган бўлди.
Яна бир суҳбатдошимиз Бирлашган маҳалласига Боёвут туманидан келин бўлиб тушган Наргиза Раҳматуллаева.
- Гулистон шаҳрида коллежда ўқиганман, касбим бор, тикувчиман, - дейди кўзларидан шижоат чақнаб турган ёш келин. - Кредит олиб, тикувчиликни бошламоқчи эдим, аммо, банк ресурс йўқ, деб баҳона қилиб кредит ажратмаяпти. Кредит олсам, тикувчиликни йўлга қўйсам, турмуш ўртоғимниям иш билан таъминлаган, "Темир дафтар"дан чиқиб олган бўлардим. Боқимандалик рўйхатида туриш ҳунари бор киши учун уят.
Ушбу мурожаат ҳам ишчи гуруҳ томонидан қабул қилинди ва банк муассасаси билан биргаликда кўриб чиқиладиган бўлди.
- Назоратга олдик, албатта, қонунчилик доирасида ечимини топишга кўмаклашамиз, - дейди туманда фаолият кўрсатаётган 1-ишчи гуруҳ раҳбари Олимжон Бозоров. - Кўриб турганингиздек, "Темир дафтар"га кирган одамларнинг фикрлаши ҳам турлича. Айниқса, ўтган йилда қанчалик тарғибот қилмайлик, уй-жойлари ҳануз кадастр қилинмай қолиб кетганлар кўпроқ. Бугуннинг ўзида 7 нафар кам таъминланган оила аъзолари уй-жойини кадастрини расмийлаштиришда амалий кўмак сўраб мурожаат қилди.
Дарҳақиқат, шу туманнинг Навоий маҳалласида яшовчи "Темир дафтар"да рўйхатда турган яна бир оилага кирганимизда, ушбу хонадонда ҳам асосий муаммо - уй-жойи кадастр рўйхатидан ўтмагани экан. Жуманазар Қаршибоев ишсиз, хонадонда у ва онасидан ташқари 90 ёшли бувиси ҳам истиқомат қилади. Ўтган йилги акция ҳақида эшитишгани, аммо, маблағ топа олмаганлари учун рўйхатдан ўтказиш учун бормаганлари ҳақида айтиб, бу йил маблағ борлиги, аммо, кадастр ҳужжатини олишолмаётгани учун ишчи гуруҳдан амалий кўмак сўрашди. Шу ернинг ўзида "Мадад" НТТ раҳбари Саидмаҳмуд Хожаназаров томонидан уларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. "Темир дафтар"да рўйхатда турган яна бир хонадонга ишчи гуруҳ аъзолари билан ташриф буюрамиз. Нигора Юсупова уйида йўқ экан, унинг онаси Нигора кредит масаласида кўп уриниб, ололмаётгани, 5 лн кредит билан тадбиркорлигини йўлга қўйиб оламан, деб югуриб юрганини айтиб, қизига ёрдам беришни сўради.
- Мана туман маҳаллаларида тўртинчи маротаба бепул ҳуқуқий маслаҳат бериб юрибмиз, 8 та маҳаллада кам таъминланган оилалар аёллари ва ёшлари билан суҳбатлашиб, уларни қийнаётган муаммолар бўйича ҳам мурожаатларни қабул қилдик. Бепул ҳуқуқий маслаҳатлар бериш давомида 4 кун давомида 36 та оғзаки мурожаатлар қабул қилинди, биз бу мурожаатларни ўрганиб, қаноатлантириш юзасидан тегишли ташкилотлар билан боғланамиз. Юқорида айтганимдек, кўпчилик ҳужжатларга беэътиборлиги учун шундай ҳолат юзага келган. Уларга ҳуқуқий маслаҳат бериш билан бирга, мурожаатларини қаноатлантириш чора-тадбирлари кўрилади, - дейди туман адлия бўлими бошлиғи О.Бозоров.