Янгиликлар
ТИЛ БОР ЭКАН - МИЛЛАТ БАРҲАЁТ
21 октябрь “Ўзбекистон Республикасининг давлат тили тўғрисида»ги қонуни қабул қилинган кун. 1989 йилда қабул қилинган қонунга асосан, ўзбек тили – Ўзбекистон Республикасида ягона давлат тили сифатида тан олинган. Мазкур қонун 1995 йил 21 декабрда янги таҳрирда қабул қилинган.
2020 йил 10 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “Ўзбек тили кунини белгилаш тўғрисида”ги қонунни имзоладилар. Қонун 2та моддадан иборат. 1-моддага асосан, 21 октябрь Ўзбек тили байрами куни этиб белгиланди. 2-моддага кўра, қонун расман эълон қилинган кундан бошлаб кучга кириши белгиланди.
Шу ўринда бошқа давлатларнинг ҳам давлат тили кунлари ҳақида тўхталадиган бўлсак, 14 март Эстонияда (1996), 20 март Францияда (2010), 9 апрель Финляндияда (1980), 20 апрель Хитойда (2010), 23 апрель Англия ва Испанияда (2010), 15 май Осетияда (2003), 6 июнь Россияда (2011), 1 август Озарбайжонда (2001), 31 август Молдавияда (1989), 20 сентябрь Қозоғистонда (1998), 23 сентябрь Қирғизистонда (1989), 9 октябрь Жанубий Кореяда (1945), 9 ноябрь Украинада (1997) тил байрами сифатида нишонланади.
Бундан ташқари, 1999 йил 17 ноябрь куни ЮНЕСКО томонидан 21 февраль – Халқаро она тили куни деб эълон қилинган. Ва бу сана 2000 йилдан буён тил ва маданий хилма-хилликни ҳамда кўптиллиликни ривожлантириш мақсадида кенг нишонланиб келади. Ўз навбатида, БМТ Бош Ассамблеяси 2008 йилни “Халқаро тиллар йили” деб эълон қилган.
Она тилларининг тарқалишини кенг тарғиб қилиш фақатгина тиллар хилма-хиллиги, кўп тилда таълим олиш ёки жаҳон тиллари ва маданий анъаналар билан яқиндан танишиш билан чегараланиб қолмайди, балки улар ўзаро тушунишга асосланган бирдамликни кучайтиради.
Чунки тил инсон ижодиётини, унинг барча турфа хиллигини такрорланмас тарзда акс эттиради. Тил нафақат алоқа, зеҳн ва фикрлаш воситаси, балки дунёни қандай кўришимизни тасвирлайди ва ўтмиш, бугун ҳамда келажак ўртасидаги боғлиқликни кўрсатиб беради. Она тиллари ҳар бир инсон дунёга келганидан бошлаб, унда гарчи у кўплаб тиллар эгасига айланса ҳам, ҳеч қачон йўқолиб кетмайдиган ноёб из қолдиради. Хорижий тилни ўрганиш бу – дунёнинг бошқа кўриниши, бошқача ёндашувлар билан танишиш усулидир”.
Бугунги кунда юртимизда ҳам чет тилларини ўрганишга зарур шарт-шароитлар яратилиши билан бирга ўз она тилимизни чуқур билиш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Ўзга миллат тилини ҳурмат қилиш эса тамомила бошқа масала. Чунки, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 4-моддасида Ўзбекистон Республикасининг давлат тили ўзбек тили экани белгилаб қўйилган бўлса ҳам Ўзбекистон Республикаси ўз ҳудудида истиқомат қилувчи барча миллат ва элатларнинг тиллари, урф-одатлари ва анъаналари ҳурмат қилинишини таъминлаш, уларнинг ривожланиши учун шароит яратиш ҳам алоҳида кўрсатиб ўтилган.
Ўзбекистонда гарчи давлат тили сифатида ўзбек тили кўрсатилган бўлса-да, бошқа миллатларнинг нафақат тили, балки урф-одатлари ҳам алоҳида ҳурмат қилинади. Зеро, Президентимиз таъкидлаганидек, ўз тилини ҳурмат қилган маърифатли эл бошқаларнинг она тилига ҳам чуқур ҳурмат билан қарайди.
Ўзбекистонга келаётган ҳар бир меҳмон Алишер Навоий, Бобурдек буюк зотлар, A.Қодирий, Чўлпон, A.Қаҳҳор, Зулфия, A.Орипов, Э.Воҳидов каби улуғ сўз усталари адабий пойдеворининг абадийлигига сабаб бўлувчи ўзбек тили кўприги орқали юртимизга қадам қўйиши биланоқ, гўзал тилимизни эшитиб унда сўзлашишга ҳаракат қилади. Сафари ниҳоясига етгач эса сўз боши бўлмиш “Ассалому алайкум”, “Раҳмат” каби миннатдорчилик сўзлари орқали тилимизнинг бир гавҳарини қалбига жойлаб олиб кетади.
Шу ўринда, Адлия вазирлиги тизимида маънавий-маърифий соҳага ва давлат тилига оид қонун ҳужжатларига сўзсиз риоя этилиши доимий назоратда, давлат тили тўғрисидаги қонун ҳужжатлари талабларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш бўйича жамоатчилик назоратининг самарали шаклларини жорий этилган.
Хулоса ўрнида, биз барчамиз аввало тилимизни ҳурмат қилишимиз ва асрашимиз лозим. Токи фарзандларимиз кўптиллилик бўлгани ҳолда, ўз она тилида соф гапирсин,
С.Тоғаев,
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси бошлиғи ўринбосари