Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

14

Тил – миллатнинг сўнгги қўрғони


21 октябрь санаси юртимизда Ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган кун сифатида нишонланади. Вазирлар Маҳкамаси тузилмасида Давлат тилини ривожлантириш департаменти иш бошлагани ҳам бунинг яққол далилидир.

Бинобарин, «Давлат тили тўғрисида»ги қонун бугунги кунда тўлиқ равишда расмий, ўзаро мулоқот жараёнида ва адабий тил сифатида амалда қўлланиб, юртимиз Марказий Осиёдаги энг йирик давлат сифатида минтақада ўз ўрнига, нуфузига эга эканлигини жаҳон эътироф этиб турибди.

2019 йил 21 октябрь куни давлатимиз раҳбари томонидан имзоланган Фармонда ҳам давлат тилининг халқаро миқёсдаги ўрни ва нуфузи, унинг бошқа тиллар билан алоқалари истиқболларини белгилаш, хорижда истиқомат қилувчи ватандошлар ва ўзбек тилини ўрганиш истагида бўлган чет эл фуқаролари учун ўзбек тили дарсликлари ва электрон дарсликларни ишлаб чиқиш ҳамда уларни кенг миқёсда тарқатиш, ўзбек тилини ўргатиш бўйича махсус курсларни ташкил этиш каби вазифалар белгиланган.

«Аждодларимиз, ота-боболаримиз айнан она тилимиз орқали жаҳонга ўз сўзини айтиб келганлар. Шу тильда буюк маданият намуналарини, улкан илмий кашфиётлар, бадиий дурдоналар яратганлар», деган эди Президентимиз Шавкат Мирзиёев ўзбек тилига Давлат тили мақоми берилган куннинг 30 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқида.

Алишер Навоий ҳазратлари «Тилга эътиборсиз, элга эътиборсиз», дея бежиз таъкидламаган. Она тилини севмаган, унинг қадрини англамаган инсон юрагида эл-юртга бўлган муҳаббат ҳам бўлмайди. Биз тилимизни асраш ва уни ривожлантириш учун қанчалик ҳаракат қилсак, унинг дунё ҳамжамияти майдонидаги нуфузи ва пойдевори ҳам шунчалик мустаҳкамланиб боради.

Шунингдек, иқтидорли ёшларнинг ижодий салоҳиятини юзага чиқариш ва ривожлантириш, уларнинг давлат тилини тарғиб қилувчи ижодий ишларини ривожлантириш ва оммалаштириш орқали ёш авлодда она тилига нисбатан миллий ғурур ҳиссини шакллантириш, уларда умуминсоний қадриятларга бўлган ҳурмат туйғусини тарбиялаш адлия идоралари ходимларининг ҳам вазифасидир.

Она тилимизнинг улкан ютуқлари, унинг нуфузи ҳақида шаҳримизнинг ўрта таълим мактаблари, коллеж ва академик лицейлари ўқитувчи ва ўқувчилари иштирокида ўтказилган онлайн тарзидаги брифингларда, олиб борилган тадбирларда тушунтириш ҳамда ўқув ишлари доимий равишда ташкиллаштириб келинмоқда. Кенг жамоатчиликда ватанпарварлик, маънавий – адабий меросимиз, она тилимиз тарихига қизиқиш уйғотиш, уни асраб авайлашга чорлаш каби мақсадлар ҳам кўзда тутилганки, уларнинг амалга ошиши тилимиз тараққиёти билан боғлиқ ўта муҳим омиллардир.

Тил – миллатнинг сўнги қўрғони. Миллат руҳи фақат тильда сақланиб қолади. Таниқли олим Зуҳриддин Исомиддин тўғри таъкидлаганидек: «Ўзбек тили бизнинг миллий бойлигимиз ёки фахри – ғуруримиз эмас. У.. байроқ, герб ё гимн сингари рамзлардан бири ҳам эмас. Чунки уларнинг ҳаммасини, шароит тақозо қилса – ўзгартирса бўлади. Аммо тилингизни қандай ўзгартирасиз? Тил – миллатнинг жони. Шу тил бўлмаса – ўзбек йўқ, Ўзбекистон йўқ».

Назар Қаршибоев,

Гулистон шаҳар адлия бўлими бошлиғи