Янгиликлар
14
“ОАВ билан мулоқот қилмаган раҳбарларнинг келажаги бўлмайди”
Муҳтарам Президентимиздан ўтказиб ҳеч нарса деёлмаймиз. Миллат келажаги тарбиячиларининг байрам минбарида айтилган оғриқли, инсонни ўйлашга ундайдиган бу мулоҳазалар жон талвасасида ётган, ўлиб-ўлолмай, жамиятдан мадад кутаётган, яшашдан умидини узган босма нашрларни ҳаётга қайтарди. Газета ўқимайман, деб мақтанадиган худбин раҳбарчалар ҳам шу гапни, яъни газета ўқимайдиган раҳбарлар лавозимида ишламайди, деган гапни эшитиб ўрнидан сапчиб туриб кетган, давлатимиз раҳбари мен ҳақимда гапираяпти, деб бир сесканган бўлса ажаб эмас. Агар юзи темирдан қаттиқ бўлмаса, безбет бўлмаса ўйлайди.
Эси паст, газета ўқимаслигинг билан ҳам мақтанасанми? Ўтган йили вазирлик тизимидаги қайсидир ҳудудий идора раҳбари очиқ-ойдин ходимларига газета керакмас, обуна бўлма, деб айтди. Ўз тизимингнинг нашрини ўқимасанг, нимани ўқийсан? Ўзинг ўқимасанг ўқима, ўзгани қайтарма, ходимларингнинг ўқишига қарши бўлма. Қайсидир вазирлик тизимидаги ходим ўша тизим газетасига обуна бўлинг, деб раҳбари илтимос қилса, онасига айтиб, вазирликка шикоят ёздирибди. Қанақа одамсан, ўз соҳангнинг нашрига бир йилга 200000 сўм сарфлаб обуна бўлиш сен учун ҳуқуқингни поймол этиш бўлдими, дейдиган одам йўқ.
Чунки, газета ва китоб ўқимайдиган одам ўқиш ва ундан лаззат олиш, фикрлаш нима эканлигини билмайди. Ўша ҳар нарсани онасидан сўрайдиган ходимга айтмоқчимиз: бу йил обуна бўласиз. Ҳеч бўлмаса ўз соҳангизнинг нашрига обуна бўласиз. Чунки, бу сизнинг малакангиз учун керак бўлади. Саводингиз ошиб-тошиб кетган бўлса, газета саҳифалари орқали чиқиш қилиб, ўз салоҳиятингизни тарихга муҳрлайсиз. Президент биргина ўқитувчиларга эмас, сиз каби айрим чаласаводларга ҳам айтди ўша оғриқли гапларни…
Интернет ўз йўлида керак, албатта. Интернетдан кўп нарсаларни ўрганаяпмиз. Интернетда жуда истеъдодли, ишини пухта биладиган ватанпарвар инсонлар, ҳамкасбларимиз мазмунли чиқишлар қилишаяпти. Лекин аксарият “тармоқчилар” калласига келган гапни гапириб, ҳатто ўз она тилимизда хато ёзиб, умуман, одоб-ахлоққа, қонунга зид тарзда аюҳаннос солаётгани, матбуот маънавий тарбия ўчоғи эканлиги, бировнинг тўшаги-ю ўшагини оммага ҳавола этиш мумкин эмаслигини унутиб, жириллаётгани, бу билан омма, айниқса, ёшларни юзсизлик, тубанлик сари етаклаётганидан ҳам кўз юмиб бўлмайди. Улар бугун жуда хавфли кучга айланиб бормоқда, ғараз-ғураз урчишга, ҳам сабаб бўлаяпти бу.
Гапираман десак, гап кўп. Уйига газета-журнал кирмаган одамнинг мутолаага иштиёқи сўнади, ўқиш истаги сўнган одам эса фикрлашдан тўхтайди. Мен фақат “электрон ўқийман”, “электрон фикрлайман”, дейдиган одам (раҳбар) ўқишни ёмон кўрганлигини хаспўшлаётганини бошқалар сезмайди, деб ўйласа керак.
Айримлар вазир бизга расмий хат берса обуна бўламиз, дейишади. Баъзи ичи қоралар ўша расмий хатни олиб ўзига ўхшаган “саводи ғовлаб кетган”лар билан тил бириктириб ижтимоий тармоққа жойлаб, дод-вой солиб, бизни мажбурлаяпти, деб ғала-ғовур кўтармоқчи бўлади, шундай ҳолатлар ҳам бўлди. Биласизми, маънавий руҳини ёруғ этмаган худбинлардан ҳамма нарсани кутсак бўлади. Энди, бу йил қаерга ёзсангиз ёзаверинг, давлат раҳбари босма нашр тақдири учун қайғураяпти, дийдиёйингизнинг сариқ чақачалик аҳамияти йўқ.
Адлия вазирлигининг кўплаб фидойи раҳбарлари ўтган йиллардаги қийин-қистовли обуна мавсумида ҳам нашрларимизга жони ачиб ўз ходимлари билан газетани сақлаб қолиш учун қўлларидан келганича ҳаракат қилишди. Кўплаб вилоят адлия, ДХМ бошқармаларидаги тизимдошларимиз бизни қўллаб-қувватлашди. Биз уларга таъзим қиламиз, мартабангиз янада баланд бўлсин, деймиз!
2021 йил учун “Инсон ва қонун” газетасига бу йил ҳеч бўлмаса вазирлик тизимидаги ҳар бир ходим обуна бўлади, газетамиз тарғиботида ҳар бир бошқарма ва муассаса масъуллари ўз ҳиссасини қўшади, деб ўйлаймиз.
Зеро, давлатимиз раҳбари даъватидан кейин ҳам жим туришни ҳеч нарса билан оқлаб ва кечириб бўлмайди.