Bog'lanish

Telefon
(+998 67) 226-02-53

Elektron manzil
sirdaryo@adliya.uz

Habarni yuborish
Ishonch telefoni 1008

Янгиликлар

09

АДЛИЯ БЎЛИМИНИНГ БИР ИШ КУНИ


“Адлия бўлимининг бир иш куни” кўрсатувининг навбатдаги сони Гулистон шаҳар адлия бўлими фаолиятидан тайёрланди. Гулистон шаҳар адлия бўлими шаҳар марказида жойлашган. Шу боис аҳоли учун бу ҳар томонлама қулай. Замонавий қиёфа касб этган ушбу бино шинам, ёруғ ва озода, янги мебеллар ва ахборот коммуникация технологиялари билан тўлиқ жиҳозланган.


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Бўлимга тажрибали ҳуқуқшунос Назар Қаршибоев раҳбарлик қилади. Назар ака аъло кайфият билан бошланган иш куни самарали ва унумли бўлишини яхши билади. Шу боис ходимлари билан ҳамиша самимий ва хушмуомалада бўлади.

Бўлимда икки нафар ходим – бўлим бош маслаҳатчиси Отабек Холматов ҳамда етакчи маслаҳатчи Дилшод Абдуллаев фаолият юритади.

- Эрталаб ишга келгач, биринчи навбатда иш кунимизнинг режасини тузиб оламиз. Дастлаб электрон почтани текшириб, Вазирлик ва бошкармадан келган топшириқларни, янги қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар матнини қабул қилиб оламиз, - дейди Назар ака.


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Бўлим етакчи маслаҳатчиси Дилшод Абдуллаев электрон почта орқали келиб тушган ҳужжатларни қабул қилиб олади. Ҳар бир ҳужжат раҳбарга тақдим этилиб, унинг ижроси юзасидан зарур кўрсатмалар берилади.

Адлия органларининг асосий вазифаларидан бири инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш. Бўлимга у ёки бу масалада кўплаб фуқаролар мурожаат қилиб келишади. Бугун ҳам мурожаатчилар бирин-кетин кела бошлаяпти.

Назар ака бир неча дақиқалардан сўнг ҳуқуқий тарғибот тадбири ўтказишни режалаштирганлиги сабабли мурожаатчилар билан бош маслаҳатчи Отабек Холматов мулоқотда бўлди.


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

“Миракон таъмир сервис” масъулияти чекланган жамияти раҳбари Ш.Холов ҳамкор ташкилот томонидан шартнома шартлари бажарилмаганлиги, бажарилган хизматлар учун шартлашилган ҳақлар тўлаб берилмаганлиги, фуқаро Д.Ҳасанова Республика шошилинч тез тиббий ёрдамнинг Сирдарё вилоят маркази томонидан иш ҳақига кўп йиллик меҳнат стажи учун қўшимча пул маблағи тўлаб берилмаётганидан норози бўлиб мурожаат қилди. Бундан ташқари, Аҳиллик маҳалласида яшовчи фуқаро Р.Усанова турмуш ўртоғи ногирон эканлиги, ўзи ҳеч қаерда ишламаслигини маълум қилиб кам таъминланган оила бўлганлиги сабабли яшаб турган хонадонини таъмирлаш масаласида қаерга мурожаат қилиши лозимлигини сўради. Ҳар бир мурожаат бўлим томонидан белгиланган тартибда назоратга олинди.


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Маълумот ўрнида, Гулистон шаҳар адлия бўлими томонидан жорий йилнинг 9 ойи давомида жисмоний ва юридик шахслардан 83 та мурожаат келиб тушган. Шулардан, 63 таси қаноатлантирилиб, 11 тасига ҳуқуқий тушунтириш берилган, 6 таси ҳал қилиш учун тааллуқлиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган.

Янги қабул қилинган қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳиятини тушунтириш, аҳолининг ҳуқуқий саводсизлигига барҳам бериш, жамиятда ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни юксалтиришда адлия органларининг алоҳида ўрни бор. Пандемия сабабли тарғибот тадбирларини онлайн тарзда ZOOM платформаси орқали ташкил қилаяпмиз. Бундан ташқари, ижтимоий тармоқлар орқали видеоролик, савол-жавоб тарзида янги қонун ҳужжатларининг мазмун-моҳияти тушунтирилмоқда, - дейди бўлим бошлиғи Назар Қаршибоев- бугун ҳам онлайн шаклда семинар ташкил қилдик. Семинарда “Таълим тўғрисида”ги Қонуннинг мазмун-моҳияти тўғрисида батафсил  маълумот берилади.


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Тадбирдан сўнг, бўлим бошлиғи ҳамроҳлигида Сирдарё вилояти Ўсимликлар карантини давлат инспекциясига ташриф буюрдик.Умида Мардибекова узоқ йиллардан буён инспекциясининг ходимлар бўйича етакчи мутахассис вазифасида ишлаб келганлиги, оилавий шароити туфайли “Ўздавкарантин” инспекцияси Сирдарё вилояти ўсимликлар карантини ҳудудий инспекцияси раҳбарининг буйруғига асосан вақтинча лаборант вазифасига ўтказилганлиги, асосий иш жойи ходимлар бўйича етакчи мутахассис вазифасига буйруқ билан қайтадан бириктирилмаганлигидан норози бўлиб Гулистон шаҳар адлия бўлимига мурожаат қилган эди. Адлия бўлимининг кўмаги билан У.Мардибекова вақтинча лобарант вазифасига ўтказилган муддати 2020 йил 8 сентябрдан бошлаб тугаган деб ҳисобланиб, шу кундан бошлаб ходимлар бўйича етакчи мутахассис вазифасини бажаришга киришди ва шу лавозим бўйича иш ҳақи тўланиши лозимлиги тўғрисида тегишли буйруқ қабул қилинди.


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

- Гулистон шаҳар адлия бўлимидан миннатдорман. Уларнинг ёрдами билан ўз вазифамга қайтдим, - дейди Умида биз билан суҳбатда.

Шундай, Гулистон шаҳар адлия бўлими Умида сингари кўплаб фуқароларнинг муаммоларига ҳуқуқий ечим топиш, уларга амалий кўмак бериш йўлида тинимсиз меҳнат қилмоқда. Бу бўлимда  инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолият самарали йўлга қўйилганлигидан далолат.

Куннинг иккинчи ярми. Бўлимда иш қизғин. Бугун бўлимга 3 та мурожаат келиб тушди. Бўлим ходимлари жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар юзасидан раҳбарга ахборот беришди. Мазкур мурожаатларни қонунда белгиланган тартибда ўрганиб чиқиб, натижаси бўйича ахборот берилиши юзасидан кўрсатмалар берилди.


Сирдарё вилоят адлия бошқармаси

Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, ҳуқуқий тарғиботни амалга ошириш, ижтимоий-иқтисодий соҳада ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш, давлат органлари ва ташкилотлари ҳудудий бўлинмаларининг юридик хизматлари фаолиятини мувофиқлаштириш, назорат қилиш ва услубий таъминлаш адлия органларининг асосий вазифаларидан бири ҳисобланади. Гулистон шаҳар адлия бўлими ҳам ушбу вазифалар ижросини таъминлаш мақсадида фаолият олиб бормоқда. 

Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими