Янгиликлар
ЭРКАК ҲАМ ЙИҒЛАЙДИ…
"Қизимиз сутдек пок..." (маҳалла маслаҳатчисининг сўзи)
Афсуски, сутдек пок қиз "хом сут эмган бандаман, гаплашиб қўйибман..." деб турибди. Орзу-ҳавас билан олинган келин, қариндошимизнинг қизи деб суриштирилмаган келиннинг йигит бўлган экан. "Бўлса, бўлгандир, ким ёшликда гаплашмайди", дерсиз. Аммо, келинчак эри ишга кетганида гаплашаркан собиқ дўсти билан. Энди куёв хотинининг юзига қарагиси келмайди. Ўртада аллақачон бола туғилган. Келин дўсти билан ўртада ҳеч нарса бўлмагани, фақатгина телефонда сўзлашганини айтади. Афсус...ахир ҳамма нарса телефондан бошланмайдими?
Бугун Гулистон туман ҳокимлиги фаоллар залида Сирдарё вилоят прокурори Равшан Машарипов ҳамда мутасадди ташкилотлар вакилларининг Гулистон тумани фаоллари ва ажрим ёқасида турган оилалар вакиллари билан учрашуви ўтказилди. Вилоят прокурори ҳамда сўзга чиққанлар ҳудудлар бўйича Гулистон туманида энг кўп ажрим 9 ой давомида 70дан зиёд содир бўлгани, баъзан ёш ота-оналарнинг ажрашиш сабаблари майда-чуйдадан иборатлигию вояга етмаган болалар етим қолаётгани ҳақида куйиниб гапирди.
-Битта нарсани айтишим керак, эркак ҳам йиғлайди, - деди прокурор ўз сўзида. - Қизи қайтиб келса, қизи ёки аёлининг хулқи ёмон бўлса, маҳалла-кўйда бошини кўтаролмай қолса, эркак йиғлайди. Фақат бу кўз ёшларини ҳеч кимга кўрсатмайди. Аммо, эрта никоҳлар, ёшларимизнинг турмушга тайёргарликсиз турмуш қуришлари ҳам баъзан сабаб бўлмоқда.
Энг ёмони, оилаларга хиёнат аралашаётгани. Балки юқоридаги 19 яшар келин телефон орқали бегона йигит билан гаплашишнинг хиёнат эканини тушунмас, аммо, ёшлари 35 га етиб, қирққа бораётган эркак-аёлларнинг фаҳми етиши керак, албатта.
П. обрўли идорада қоровул бўлиб ишлайди. Рашк туфайли ажрашмоқчи, ўртада 4 нафар фарзанд сарсон.
-Амакисининг ўғли Россияга ишлашга кетди-ю эрим ўзгариб қолди, - дейди 15 йиллик турмуш ўртоғи. - Ҳовлининг ўртасида девор йўқ, эрим кўзи билан овсинимни излаётганини кўриб қолавердим. Эримни пойлаб, ҳатто шкаф ичида ўтирган кунларим бўлди. Аммо, қайнона-қайнотам ўғилларининг тарафини олди. 4 нафар боламни олиб кетдим ота уйига. У ергаям сиғмадим, квартирада яшадим. Яқинда эрим қўнғироқ қилиб, болаларни анчадан буён кўрмаганини, юборишимни айтди. Энди мана бир ой бўляпти, болаларимни олиб қўйган...
"Келин ҳаддан зиёд рашкчи эканда", деб ўйлаб улгурмасимиздан, нарироқда турган эр русча сўкиниб, "...олиб кетавер менга керак эмас болаларинг" десами?
Ажабо! Болаларинг? Болалар хотиннинг бир ўзидан бино бўлмагандир? Бу гапларни эшитишса, ёдларидан чиқмаса керак?
-Менимча, ҳамма гап эркакларда, оилада эрнинг, отанинг ўрни, роли қолмаяпти, - дейди Юлдуз МФЙ фаоли Тожихон Қодирова. - Кўп эркаклар оила муаммоларини хотинларга ташлаб қўйган, муаммоларни ечиб юрган аёл эрни менсимай қўяди, натижада оила баланси бузилади. Қизлар ҳам ота-онанинг мулоқотини кўриб, тарбия олади. Қизи, хотини ясаниб, кечқурун кўчага чиқиб кетса, ота тергамаса, оиланинг шу ерда тугагани.
-Балки ёшларимизнинг оилага нисбатан енгил муносабатда бўлиши ота-оналаримизнинг ҳою-ҳавасга берилиб кетганидадир, - дейди Гулистон туман Маҳалла ва оилани қўллаб-қувватлаш бўлинмаси бошлиғининг хотин-қизлар бўйича ўринбосари Муҳаббатхон Мустафоқулова. - Нима бўлганда ҳам, ажримлар, жамиятимиз муаммоси, уларнинг олдини олиш ҳаммамизнинг бурчимиз.
Тадбирдан олган таассуротлардан кейинги фикримиз, энг аввало, фарзандларимиз ўз ҳуқуқ ва бурчларини билишлари лозим. Оила қонунчилигини ҳар бир турмуш қураётган ёш керак бўлса "сув қилиб ичиб юбориши лозим". Оила қуряптими, қандай ҳуқуқи бору, қандай масъулияти ҳам бор, билсин йигит ва қиз. Бола туғилса, бола ҳуқуқлари ҳам қонун томонидан кафолатланганлиги, унинг бузилиши жавобгарликка олиб келишини билсин иккала тараф ҳам. Шундагина ажримлар сони камаяди. "Қариндошимнинг ўғли, танишимнинг қизи" дея кўр-кўрона унаштиришлар бўлмайди. Ахир буюк бобомиз Амир Темур ҳам "келин излаганда давлат ишларини четга суриб қўйдим" деганлар... Оила қуриш ўйин эмас.