Янгиликлар
Бўшаб қолган депутатлик ўрнига сайлов бўлиб ўтади
2020 йил 4 октябрь куни Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгашининг 19-Ҳақиқат сайлов округи бўйича бўшаб қолган депутатлик ўрнига Халқ депутатлари Сирдарё вилояти Кенгаши депутати сайлови ўтказилади. Сайловда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати - Ўзбекистон Либерал демократик партияси, Ўзбекистон “Миллий тикланиш” демократик партияси, Ўзбекистон “Адолат” социал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси ҳамда Ўзбекистон Экологик партиясидан 1 нафардан номзодлар иштирок этади.
19-Ҳақиқат сайлов округи ҳудудида 9031 нафар сайловчилар рўйхатга олинган. Округ ҳудудида жами 9 та сайлов участкалари ташкил қилинган.
Бугун Сирдарё вилоят сайлов комиссияси раиси Жамшидхон Нуритдинов ва комиссиянинг бир гуруҳ аъзолари томонидан 9 та сайлов участкаларининг сайловга тайёргарлиги кўздан кечирилди.
- Айни кунларда бўшаб қолган депутатлик ўрнига сайлов бўлиб ўтади. Шу боис сайлов участкаларининг жараёнга тайёргарлиги билан танишдик. Сайлов участкалари пандемия муносабати билан барча зарур антисептик воситалар билан тўлиқ таъминланган. Сайловни адолатли ва шаффоф, шунингдек, карантин қоидаларига қатъий амал қилган ҳолда ўтказиш юзасидан зарур кўрсатмалар берилди,- дейди вилоят сайлов комиссияси котиби Фахриддин Абдусатторов.