Янгиликлар
БАЙРАМИНГИЗ МУБОРАК БЎЛСИН, АЗИЗ УСТОЗЛАР!
Ўқитувчи – дунёдаги энг эъзозли, эҳтиром ва эътиборга лойиқ, қалбларга яхшилик, эзгулик, комиллик олиб кирувчи муборак касбдир. Ҳар бир инсон келажаги учун тамал тошини қўйишда ўқитувчининг хизмати беқиёс. Шу боис шарафли касб эгалари ҳамиша эъзозланади, уларга эҳтиром кўрсатилади. 1 октябрь –“Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” муносабати билан Сирдарё вилояти юридик техникумида тадбир ташкил қилинди. Ёшларга таълим тарбия бериш, уларнинг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишда самарали ҳисса қўшган бир гуруҳ ўқитувчилар рағбатлантирилди.
Жумладан, техникумнинг Юристлар учун хорижий тил фани ўқитувчиси Манзура Алмаматова Ўзбекистон Республикаси Адлия вазирлигининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғаси билан, фаол ўқитувчилар - Ҳикоят Холмуродова, Синдор Аманйўлов ҳамда Гулнора Ҳайдаровалар вилоят адлия бошқармаси бошлиғи, юридик техникум директорининг фахрий ёрлиғи ва эсдалик совғалари билан тақдирландилар.



- Ўқитувчилик касбини танлаганимдан фахрланаман. Бугунги эътибор меҳнат фаолиятимда менга янада куч, ғайрат ва шижоат бағишлайди, -дейди Манзура Алмаматова.
Дарҳақиқат, бугун устоз ва мураббийлар ана шундай эътибор ва эҳтиромга муносиб. Фурсатдан фойдаланиб 1 октябрь — “Ўқитувчилар ва мураббийлар куни” муносабати билан олижаноб, фидойи касб эгаларини самимий муборакбод этамиз. Мустаҳкам соғлиқ, бахт ва омад, хонадонингизга тинчлик-хотиржамлик, файзу барака тилаймиз. Доимо соғ-омон бўлинг, азиз устозлар!
Сирдарё вилоят адлия бошқармаси Ҳуқуқий тарғибот ва маърифат бўлими