Янгиликлар
АҲОЛИ МУАММОЛАРИ БИЛАН ИШЛАШ ТИЗИМИ ИСЛОҲ ҚИЛИНМОҚДА
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхоналари давлат органлари билан аҳоли ўртасида очиқ мулоқотни йўлга қўйиш, долзарб муаммоларни аниқлаш, давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан мурожаатларнинг кўриб чиқилишини таъминлашда ўзига хос самарали тизимга айланди. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси Президентнинг 2019 йил 17 январда “Аҳоли муаммолари билан ишлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги ПФ-5633-сон Фармони қабул қилинди.
Ушбу Фармонга кўра, бундан кейин “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари доирасида қурилиш ва ободонлаштириш ишлари амалга ошириладиган аҳоли пунктлари рўйхати Халқ қабулхоналари билан келишилган ҳолда шакллантирилади.
Бундан ташқари, Халқ қабулхоналари секторлар ва ҳудуддаги ташкилотлар раҳбарлари фаолияти, мурожаатлар билан ишлаш ҳолати юзасидан тегишли Халқ депутатлари Кенгашлари мажлисида муҳокама қилиш учун ҳар чоракда ахборот киритади ҳамда ушбу ахборот юзасидан мутасадди ташкилотлар раҳбарларининг ҳисоботини эшитиб бориши, республика даражасида ҳал этиладиган муаммолар тўғрисида маълумотлар Ўзбекистон Республикаси Президентининг Фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, мурожаатлар билан ишлашни назорат қилиш ва мувофиқлаштириш масалалари бўйича маслаҳатчиси томонидан Вазирлар Маҳкамасига ҳал қилиш учун киритилиши белгиланди, шу каби, Фармон билан Халқ қабулхоналарига қуйидаги қўшимча вазифалар юкланди:
биринчидан, секторлар, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг уйма-уй юриш, ижтимоий ва бошқа объектларни ўрганиш орқали ижтимоий-иқтисодий муаммоларни аниқлаш ва ҳал қилиш фаолиятини доимий равишда мувофиқлаштириб бориш;
иккинчидан, ҳудудларда жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари билан ишлаш, оммавий ва сайёр қабуллар ўтказиш тизимини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш;
учинчидан,маҳаллалар ҳудудларининг ижтимоий-иқтисодий ҳолатини баҳолашда иштирок этиш;
тўртинчидан, ижтимоий-иқтисодий соҳадаги ҳудудий, тармоқ ва давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва ижросини назорат қилишда иштирок этиш;
бешинчидан, давлат органлари ва бошқа ташкилотларнинг ногиронлиги бўлган шахслар, кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳоли қатламларига кўмаклашиш билан боғлиқ ишларини мувофиқлаштириш;
олтинчидан, давлат хизматлари кўрсатиш фаолиятини мувофиқлаштириш;
еттинчидан, фаолият йўналишлари бўйича жамоат ва нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситалари билан ҳамкорлик қилиб бориш белгиланди.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг Халқ қабулхонаси Ширин шаҳар бўлими ва Ширин шаҳар адлия бўлими аҳоли мурожаатлари билан ишлашда доимий ҳамкорлик қилиб келмоқда. Хусусан, тасдиқланган ҳамкорлик режасига асосан жорий йилнинг 9 ойи давомида Ширин шаҳрида 11 маротаба маҳаллаларда сайёр қабуллар ўтказилди, Мазкур тадбирларда 21 нафар шахслардан мурожаатлар келиб тушди, 13 тасига жойида ҳуқуқий тушунтириш берилди, 8 таси назоратга олиниб, бўлим томонидан кўриб чиқилди ва қаноатлантирилди. Бу каби ўзаро ҳамкорлик аҳоли мурожаатлари билан ишлаш, уларни қийнаётган муаммоларга ечим топишда ижобий самара беради.
Хулоса ўрнида айтганда, Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан амалга оширилаётган бу каби ислоҳотлар, аввало эл-юрт тинчлиги, халқимизнинг турмуш фаровонлиги ҳамда ватанимизнинг порлоқ келажаги учун хизмат қилади.
Шокиржон Надиров,
Ширин шаҳар адлия бўлими бошлиғи